«Толибон» томонидан тайинланган Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий миллий қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд билан 10 январь куни Теҳронда учрашгани хабар қилинганди. Фронт расмийси мазкур учрашув тафсилотларини маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, Ислом Амирлиги делегацияси 8 январда Эронга ташриф буюриб, 10 январда Кобулга қайтган. Исми сир сақланишини хоҳлаган фронт расмийси «Толибон» Аҳмад Масъудга Афғонистонга қайтишни таклиф қилгани ва учрашув ҳеч қандай аниқ натижаларсиз якунланганини айтган.

«Бизнинг уларга таклифимиз аниқ, яъни ўтиш даври ҳукуматини тузиш эди. Демак, бу ҳукумат (ўтиш даври ҳукумати) кейинги ҳукумат учун ишлайди, халқ тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлади. Бунинг эвазига ‘Толибон’нинг таклифи таслим бўлиш эди ва музокаралар ҳеч қандай натижа бермади», — дейди расмий.

Эронда Ислом Амирлиги делегациясига бошчилик қилган ташқи ишлар вазири Муттақий қаршилик фронти жамоаси билан яхши музокаралар олиб борганини айтган. « Бирор шикоятларингиз бўлса, келишингиз мумкин, бу ҳақда ўтириб гаплашамиз», — деган у.

Музокараларда «Толибон»дан тўрт нафар расмий ва қаршилик кўрсатиш фронтининг беш нафар аъзоси иштирок этган. Жумладан, Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий, иқтисодиёт вазири Дин Муҳаммад Ҳаниф, саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий, чегара ва қабила ишлари бўйича вазир Ҳожи Гул Муҳаммад қатнашган.

«Биз Афғонистонда кенг қамровли ҳукумат ўрнатилишига ёрдам берадиган бундай учрашув ва ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлаймиз», — дейди сиёсий таҳлилчи Сайид Жавод Ҳусайний.

Айни пайтда Афғонистон собиқ вице-президенти Муҳаммад Юнус Қануний сиёсатчилар кенгаш тузиш устида иш олиб бораётганини айтган. «Кенгаш ташкил этилиши биланоқ у иккинчи ва учинчи қадамлар қандай бўлишини ҳал қилади», — дейди Қануний.

«Толибон» ва қаршилик фронти келажакда бундай учрашувларни давом эттиришга ваъда берган-бермагани номаълум.

Аввалроқ Аҳмад Масъуд Эрон олий раҳнамоси билан учрашганди. Шунингдек, Афғонистондаги яна бир вилоятда қаршилик фронти фаолиятини бошлаганди.