Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 январдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Шунга қарамай Вазирлар Маҳкамаси тайёрлаган ҳужжат лойиҳасига берилган хулоса баъзи депутатлар томонидан танқид қилинди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Дастлаб молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев олдин қабул қилинган ҳужжатлар орқали мазкур товарлар нархларининг кескин ошиб кетишининг олди олинганини маълум қилиб, баъзи маълумотлар берган.

Унга кўра, ҳукумат томонидан тайёрланган қонун лойиҳасида аҳолини озиқ-овқат билан кафолатли таъминлаш мақсадида мазкур солиқ имтиёзлари муддатини яна 4 ойга, яъни 2022 йил 30 апрелгача узайтириш назарда тутилган бўлиб, имтиёз муддати узайтирилиши туфайли давлат бюджети даромадлари 800 миллиард сўмга қисқариши мумкин. Шунга қарамай, имтиёз билан нархларни барқарор сақлаб туриш имконияти яратилади.

«Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил январь–март ойларида ўсимлик ёғининг ўртача нархи 14–15 минг сўм атрофида бўлган. Апрелда эса нарх 18 000–19 000 сўмгача ошган. Қайд этилишича имтиёзлар апрель ойидан декабрь ойигача ўсимлик ёғи нархини шу даражада ушлаб туриш имконини берган.

Қорамол гўштининг ўртача нархи январда 59 минг сўм бўлган бўлса, октябрь ойида бу нарх 65–68 минггача кўтарилган. Октябрь ойидан январь ойигача бўлган давргача эса имтиёзлар берилиши орқали нархларнинг 70 минг сўм атрофида сақланиб қолишига эришилган», — деган Жамшид Абруев.

Вазир ўринбосари, шунингдек, солиқ имтиёзлари маъмурчиликни такомиллаштириш, ҳуфиёна иқтисодиёт улушини қисқартириш ва алоҳида имтиёзларни бекор қилиш ҳисобига қопланишини қайд этган.

Шундан сўнг депутатлар қонун лойиҳаси бўйича бир нечта саволлар берган.

Хусусан, депутат Дониёр Ғаниев агар қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларда давлат бюджети даромадлари камайиши ёки харажатлар кўпайиши кўзда тутилаётган бўлса, бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида хулосаси талаб қилинишини таъкидлаган.

«Бу хулосада харажат ёки даромад пасайиши қандай қопланиши алоҳида очиб берилиши керак. Булар концептуал хато қиляпти. Бу биринчи сафар эмас. Биз буни ўтган сафар ҳам айтганмиз. Нечта имтиёз бўйича қонун кирган бўлса, ҳали бирор марта Вазирлар Маҳкамасининг хулосасини бизга киритишгани йўқ. Лойиҳани Вазирлар Маҳкамаси бергани билан, фақат тушунтириш хати эмас, алоҳида хулоса ҳам берилиши керак», — деган депутат.

Шунингдек, Дониёр Ғаниев Молия вазирлиги берган тушунтириш хатида бюджет даромадларининг 800 миллиард сўмга қисқариши айнан қайси солиқлар ҳисобига қисқариши келтирилмаганини танқид қилган:

«Тушунтириш хатида беряпсизлар. Бир қатор гап: 800 миллиард бўлади ва қопланади. Бу қанақа хулоса бўлди», — деган у.

Депутат Шуҳрат Полвонов ҳам қонун концепцияси имтиёзлар муддатини узайтиришга эмас, балки озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигига эришиш ва аҳолини бу турдаги товарлар билан узлуксиз таъминлаш эканини таъкидлаган:

«‘Ура-ураʼ қилиб қонунга овоз бериш осон, лекин концепциясини танлашда адашмайлик. Қонун концепцияси муддат ҳақида эмас. Қонуннинг концепцияси — аҳолини тўлақонли узлуксиз таъминлаш ва озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш. Бугун мақсад шунга қаратилган. Муддатни узайтиришга эмас. Ўтган сафар қабул қилган қонунимизнинг мақсадига эришдикми? Нархлар барқарорлашдими? Узлуксиз таъминланяптими? Мана, концепция нимада. Шунинг учун муддатни узайтиряпмиз демайлик», — деган депутат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ молиячи Абдулла Абдуқодиров одатда товар ё хизматлар нархини барқарор ушлаб туриш мақсадида ҚҚС имтиёзи тақдим этилиши самара бермаслигини қайд этганди:

«Математикада корреляцион-регрессион анализ деган тушунча бор. Бу орқали ҳар бир омилнинг кўрсаткичга бўлган таъсир тоши, яъни қийматини кўриш мумкин. Шу қийматни кўрадиган бўлсак, солиқлар таъсири жуда паст. Озиқ-овқат маҳсулотларига келганда тўғридан-тўғри корреляция йўқ. Масалан, кимё ўғитларига солиқни йўқ қилганингиз билан уни ишлаб чиқаришда фойдаланилган газдан олинадиган солиқ жойида турибди.

Бутун занжир бўйича ҳамма нарсани қўшилган қиймат солиғидан озод қила олмайсиз. Чунки бу бутун иқтисодиётни мазкур солиқдан озод қилиш билан баравар бўлиб қолади. Биринчидан, бу бюджетга тўғри келмайди. Иккинчидан эса бунинг оқибатида бутун бошли солиқ сиёсатини ва бу орқали бюджетни қайта кўриб чиқишга тўғри келиб қолади», — деган ўшанда иқтисодчи.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бир неча бор ҚҚСдан озод қилиш амалиёти қўлланилган. Масалан, 2021 йил 10 октабрдан 31 декабргача гўшт, балиқ, картошка маҳсулотлари, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача эса ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган.

Ҳукумат вакиллари парламент йиғилишида бозорда бирламчи товарлар нархи ошиб кетиши сабабларини изоҳламаган.