Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дайжестнинг биринчи хабарида ҳақиқий гендер тенглиги ҳақида кичкинагина тушунча бериб ўтамиз: Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар сони бир-бирига (деярли) мутаносиб.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 35 миллион 271 минг 276 киши бўлиб, бундан 17 миллион 527 минг 126 нафарини аёллар, 17 миллион 744 минг 150 нафарини эса эркаклар ташкил этади. Эркаклар сони аёлларга қараганда атиги 217 минг 24 нафарга кўп. Булар ҳам, катта эҳтимол билан, ёлғиз қолиб кетмайди.

Ўзбекистонда коронавирус яна авж олди. Бир кунда 604 кишида инфекция аниқланди. Статистикада айнан қайси штаммлар экани айтилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 11 январь куни 604 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, 4 нафар бемор вафот этди. Касалланганларнинг ярмидан кўпи — 331 нафари пойтахт улушига тўғри келади. Шундай қилиб, жами беморлар сони 201 минг 759 кишига етди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

ССВнинг кунлик статистикасида айнан қайси штаммлар аниқланаётгани айтилмаган. Ўзбекистонга эса коронавируснинг «омикрон» штами «расман» кириб келган.

Кунлик касалланиш сурати ошиб боряпти, одамлар эса вакцина олмаяпти. Нима қилиш керак?

Албатта, фуқароларни вакцина олишга ундаш керак. Туризм вазирлиги блогерлар, вазирликлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан айнан шу бўйича учрашув ўтказди.

Фото: «Bugun.uz»

Унда иштирокчилар аҳолини эмланишга ундашга қатор таклифлар берди. Таклифлар қаторида ходимлари тўлиқ эмланган ташкилот-брендларга шаҳар бўйлаб текин реклама жойлаштириш имкониятини бериш, шу бўйича диний тарғиботлар қилиш, эмланганлар орасида лоторея ўтказиш кабилар янгради. Энди буларни амалда татбиқ қилиш қолди, холос. Барча таклифларни эса бу ерда ўқишингиз мумкин. Ундан олдин карикатурани кўринг.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар ОТМнинг 2-босқичига суҳбат асосида қабул қилинади.

Тасдиқланган низомга кўра, ушбу имтиёз техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра, ўзлаштириш баҳолари 5 (аъло) ва 4 (яхши), бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) 5 (аъло) бўлган битирувчиларга берилади. Мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан битирувчи техникумни тамомлагандан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.

Алишер Қодир(ов) Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирликлари вазифаларини бажарувчи битта вазирлик тузишни таклиф қилди. Бошқачароқ айтганда, у икки вазирликни бирлаштиришни назарда тутяпти.

Фото: Telegram / @alisherqodir

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров педагогика соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги қатор таклифларни илгари сурди.

Алишер Қодиров педагогларни тайёрлашда давлат асосий буюртмачи бўлиши, буюртмачи сифатида келишилган таълим муассасасида ўз соҳасида 5 йил ишлаш мажбуриятини юклаши ва битирувчиларни иш билан таъминлаш вазифасини зиммасига олиши зарурлигини ҳам айтиб ўтган.

Депутат илгари сурган ташаббуслардан энг асосийси — Таълим ва тарбия вазирлигини ташкил этиб, унга ҳар бир болани оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлиши кераклиги айтилади.

Маълумот учун, ҳозирда ушбу ёшдаги болаларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланувчи иккита алоҳида-алоҳида вазирлик бор — Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирликлари.

«Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Акс ҳолда салбий оқибатлар кутаётганини айтди.

«Толибон» томонидан тайинланган Афғонистон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Тожикистон ва Ўзбекистон расмийларини афғонистонликлар олиб ўтган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, «Толибон» кучсиз, лекин ожиз эмас, самолётлар «яхшиликча қайтарилиши керак».

«Тожикистон ёки Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётларимиз қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ёки бу давлатлар ундан фойдаланишига йўл қўймаймиз. Келажакдаги ҳаво кучларимиз ҳеч қандай давлатга боғлиқ бўлмайди. Биз кучсизмиз, лекин ожиз эмасмиз. Ўзбекистон ва Тожикистон ‘Толибон’ ҳаракатининг сабрини синамаслиги ва афғон учувчилари олиб қочган самолёт ва вертолётларни қайтариб бериши керак. Акс ҳолда бу мамлакатлар салбий оқибатларга дуч келади», — деган Ёқуб.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, собиқ ҳукумат парчаланганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга 40 дан ортиқ вертолёт етказилган. Аниқлик киритилишича, Афғонистон Ислом Республикаси режими ағдарилишидан олдин мамлакатда 164 та жанговар самолёт бўлган бўлса, ҳозирда атиги 81 та қолган. Уларнинг аксарияти минтақанинг бошқа давлатларига олиб кетилган.

Бир қараганда, ҳақли сўров, агар уни сўров деб айтиб бўлса? Аммо «Толибон» вакилининг сўзларида таҳдид ва ультиматум оҳанги борлиги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортмай қўймади, албатта. Аммо бунинг ортида нима яширин?

Сиёсатшунослар — Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Толипов бу бўйича ўз фикрлари билан бўлишди — батафсил.

Бугун эълон қилинган бошқа хабар ва мақолалар:

  • Тошкент вилоятида 2021 йил давомида ИИББ пробация бўлими ҳисобида турувчи назоратдаги шахслар билан ўтказилган профилактик тадбир ва сайёр судларда меҳнатга тўғри муносабатда бўлган, чекловларга тўлиқ риоя этган 2398 нафар назоратдаги шахснинг жазоси муддатидан илгари шартли тугатилган;
  • Ўзбекистоннинг учинчи энг йирик савдо ҳамкор давлати — Қозоғистондаги тартибсизлик мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир қилади? — батафсил;
  • COVID-19 пандемияси Ўзбекистон автомобиль саноатига қандай таъсир кўрсатди? — батафсил.

Хўш, оламда нима гап?

#ДариғаҚаерда. Қозоғистонда тартибсизликлар бошланганидан бери омма олдида кўриниш бермаган Нурсултон Назарбоевнинг қизи — Дариға Назарбоева коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати, республика собиқ президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева коронавирусга чалингани туфайли 12 январь куни ялпи мажлисга келмади.

Фото: «Reuters»

Назарбоева касаллик таътилида ва шу сабабли йиғилишда қатнаша олмаган. Шунинг учун ҳам у оммага кўриниш бермаяпти. Айни пайтда Элбошининг қизи Олмаотадаги уйида бўлиб, ковидга қарши даволанмоқда.

КХШТ қўшинлари Қозоғистонни эртадан бошлаб тарк этади. Уларнинг миссияси муваффақиятли якунланди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 12 январь, чоршанба куни Олмаотада тезкор штаб йиғилиши ўтказди.

Тегишли вазирликлар раҳбарлари йиғилишда президентга унинг Олмаотага қўшимча кучларни, жумладан, КХШТ кучларининг тинчликпарвар контингентини юбориш тўғрисидаги қарори туфайли шаҳар қутқариб олингани ва террорчилардан қайтариб қолинганини айтган.

Фото: «Nur.kz»

«Эртага (13 январь) КХШТ тинчликпарвар контингентини уюшган ҳолда олиб чиқиши бошланади. Мен тегишли давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказдим. Фурсатдан фойдаланиб, контингент қўмондонлигига шу кунларда амалга оширилган ишлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу террорчилар ва бандитларнинг тажовузини қайтариш учун катта психологик аҳамиятга эга эди. «Миссия жуда муваффақиятли деб баҳоланди. Мен ҳамкасбларим — давлат раҳбарларига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деган Қозоғистон президенти.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.