5 сониялик факт: Ҳозирда Уран сайёрасининг 27 та табиий йўлдоши аниқланган.

Мулоҳаза учун 55 сония: Осмон жисмларига, хусусан, сайёраларга ва уларнинг йўлдошларига одатда қадимги юнон ва Рим мифологияси қаҳрамонларининг номи берилади. Мисол учун, Юпитер — римликларнинг энг катта маъбудининг номи, у юнон мифологиясидаги Зевснинг аналоги ҳисобланади. Бошқа сайёралар ҳам шундай — у ёки бу маъбуднинг номи билан аталган.

Юпитер.
Фото: «NASA»

Қисқасини айтганда, Қуёш системасидаги сайёралар ичида фақатгина Ер сайёрасининг номи мифология билан боғлиқ эмас, холос. Йўлдошлар ҳақида гап кетганда эса шуни айтиб ўтиш керакки, то 1610 йилга қадар, яъни Галилео Галилей ўз телескопи билан тунги осмонга назар солишигача бўлган замонларда Ердан бошқа сайёраларнинг ҳам табиий йўлдоши бўлиши мумкинлигини ҳеч билмаган. 1610 йилда Галилей дастлаб Юпитернинг тўртта энг йирик йўлдошини кашф қилди ва уёғи кетди… Олимлар бирин-кетин бошқа сайёраларнинг ҳам йўлдошларини оча бошлашди. Хусусан, Галилейдан бироз кейин Христиан Гюйгенс ва Жан Доминик Кассинилар томонидан Сатурннинг ҳам 5 та йўлдоши аниқланган.

Бу кашфиётлар билан бирга, олимлар қаршисида энди ушбу янги очилаётган осмон жисмларига ном бериш масаласи ҳам чиқиб келди. Ким нима деса десину, лекин олимларда ҳам баъзан ҳукмдорларга нисбатан хушомадгўйлик қилиш ҳолати учраб туради (лаганбардорлик дейишга тилим бормади). Галилей ўзи кашф қилган ўша тўртта янги осмон жисмига (Юпитер йўлдошларига) ўша пайт Тосканияда ҳукмронлик қилган герцог — Козимо Медичи II номини беришга қарор қилади. Шу сабабли ҳам бу йўлдошлар Галилей ёзишмаларида «Медичи юлдузлари» деб қайд этилган. Албатта, Медичи Галилейга доимий ҳомийлик қилиб турган ва вақти-вақти билан катта-катта инъомлар бериб, сийлаб турган бўлса керак.

Бироқ кейинчалик барибир илмий ҳамжамият бу номни қабул қилмади ва ўша тўртта йўлдошга яна ўша юнон мифологиясидаги қаҳрамонларнинг номларини беришга ўтилди. Бу анъанани эса олмон астрономи Симон Мариус бошлаб берган бўлиб, у мазкур йўлдошларга Зевс маъбудининг канизакларининг номини бириктирган. Хусусан, Ио, Европа ва Каллисто Зевснинг канизакларининг номи бўлган.

Тўртинчи ва энг катта йўлдошга эса Ганимед номи берилган, у ўша тўртта йўлдош ичидаги номи эркакча бўлган ягона табиий йўлдош эди. Бошланган ушбу анъанага олимлар Сатурн йўлдошлари борасида ҳам содиқ қолишди. Шу тариқа, Сатурн йўлдошларига ҳам Титан (у Сатурн маъбудининг ака-укаларининг умумий номи бўлган), Тефия, Диона, Рея ва Япет номларини беришган. Бу номлар ҳам юнон мифологиясига тааллуқлидир.

Шуниси қизиқки, тўртта Сатурн йўлдошини кашф қилган ярим француз ва ярим итальян бўлган астроном Жан Доминик Кассини ҳам Галилей сингари ўз кашфиёти билан маҳаллий ҳукмдор назарига тушишга уриниб кўрган ва уларга «Лудовисус» деб ном беришга ҳаракат қилган. Лекин монархни астрономик тарзда шарафлашга бўлган ушбу уриниш ҳам якунда барибир барбод бўлган.

Асосий қисм, 4 дақиқа: Айтганча, сайёралар атрофида айланиб, уларнинг доимий гравитацион таъсирида бўладиган бундай объектларни «йўлдошлар» деб аташ таклифи немис астрономи Иоганн Кеплердан чиққан. У зодагонларга сафарлар пайтида йўлдошлик қиладиган, уларнинг атрофида парвонадек айланиб, гирдикапалак бўладиган хизматчиларни кузата туриб шундай фикрга келган, дейишади фан тарихчилари. Кеплер эса фанда «осмон қонунчиси» дейилади, яъни унинг нуфузи шундайки, гапи-гап, сўзи-сўз!

Иоганн Кеплер
Фото: «24smi.ru»

Хуллас, янги даврда сайёраларнинг табиий йўлдошлари энди тез-тез кашф қилина бошлади ва уларга ном беришда яна юнон ва Рим афсоналарига мурожаат қилинадиган бўлди. 1781 йилнинг 13 март санасида Англияда Уильям Гершель Сатурндан кейинги, еттинчи сайёрасини кашф қилди. Гершель ҳам Кассини ва Галилейнинг омадсиз уринишидан хулоса қилмаган, шекилли. Сабаби у ҳам ўз кашфиётига ўз мамлакати ҳукмдорининг номини беришга уриниб кўрди ва уни «Георг юлдузи» деб номлади. Ўша пайтда Англия тахтида бўлган Георг III бунга қандай муносабатда бўлгани номаълум, лекин ушбу уриниш ҳам муваффақиятсизликка учради ва еттинчи сайёрага яна ўша Рим мифологиясидан келиб чиқиб Уран номи берилди. Уран мифологияда Сатурннинг отаси ҳисобланади.

Гершелнинг ўзи бундан нақд 235 йил аввал, яъни 1787 йилнинг 11 январида Ураннинг иккита табиий йўлдошини ҳам кашф қилган эди. Балки ўша куни у «энди осмон жисмларига ном беришда афсоналарга ва монархларга мурожаат этишни бас қилиш керак» деган фикрга борган бўлса керак. Ҳар ҳолда, олим бу сафар на монархни шарафламади ва на қадимги афсоналар борасида бош қотириб ўтирмасдан, очилган йўлдошларга шунчаки Уран I ва Уран II деб шартли ном бериб қўя қолган. Уларга ном беришни кейинроқ унинг ўғли Жон Гершель (у ҳам астроном бўлган) бошлаб берган ва у ҳам энди мифологиядан четга чиқишни маъқул деб топган.

Уран ва Ер.
Иллюстратив: «Astrojem»

Бу пайтда Англияда ва умуман Европада Уильям Шекспир асарлари жуда машҳур бўлаётган эди. Шекспир асарлари қаҳрамонлари эса халқ орасида оммавий муҳокама қилиниб, улар асосида қўйилаётган пьесалар ҳам жуда катта аншлаг билан қўйиларди. Балки, Жон Гершель ҳам бирор театрга тушгандан кейин руҳан унинг маданий таъсирида бўлган бўлса керак, отаси кашф қилган иккита Уран йўлдошига Шекспирнинг «Ёз оқшомидаги туш» асаридаги қаҳрамонлар — Титания ва Оберон номини беришга қарор қилган. У шу тариқа Уран йўлдошлари учун Шекспир асарлари қаҳрамонлари номини бериш анъанасини бошлаб беради. Титания ва Оберон инглиз халқ оғзаки ижодидан Шекспир асарларига кўчган қирол ва қироличанинг исмлари ҳисобланади.

1852 йилларда балки, Англияда Александр Поуп вақтинча Шекспирдан кўра машҳурроқ бўлган бўлса керак. Ҳар ҳолда, Ураннинг учинчи ва тўртинчи йўлдоши кашф қилинган ўша йилда ушбу йўлдошларга Шекспирнинг эмас, балки Александр Поупнинг «Жингалаксочнинг ўғирланиши» асари қаҳрамонлари номи берилган. Бу асарда Ариел ва Умбриел исмли афсунгарлар ҳақида сўз боради: учинчи ва тўртинчи йўлдошларга шу номлар берилган.

Лекин Александр Поупнинг «Уранга юриши» шу билан тугайди ва кейинги кашф қилинган Уран йўлдошларига яна Шекспир асарлари қаҳрамонларининг номини беришда давом этилади. Кейинги — бешинчи йўлдош эса орадан деярли бир аср ўтиб, аниқроғи, 1949 йилда голланд астрономи Жерард Койпер томонидан кашф қилинган. Унга Шекспирнинг «Қуюн» пьесасидаги Миранда номи берилган.

Уран
Иллюстратив: «BBC»

Шундан сўнг яна узоқ вақтгача Уранда фақат 5 та йўлдош бўлса керак деган фикр мавжуд эди. Чунки телескопда кузатилганда Уран атрофида бошқа йирик осмон жисми умуман кўринмасди. Бироқ NASA 1979 йилда Қуёш системасининг олис тарафларини ўрганиш учун иккита сайёралараро автомат космик станцияси — «Voyager-1» ва «Voyager-2»ларни учирди. Шулардан иккинчиси 1985–1986 йилларда Уран яқинидан учиб ўтган ва унинг теварак-атрофига оид фотосуратларни Ерга юборган.

Олимлар ушбу суратларни таҳлил қилиш асносида Уран атрофида яна ўнлаб майда табиий йўлдошлар мавжудлигини аниқлашган. Шу тариқа, энди Қуёш системасида Дездемона («Отелло» пьесасидан), Жулетта («Ромео ва Жулетта»дан), Корделия («Қирол Лир»дан), Пак («Ёз оқшомидаги туш») ва ҳоказо дараматургик тимсоллар пайдо бўлди.

Кейинчалик, 1997–2003 йиллар орасида Хаббл телескопи ва бошқа кузатув усулларидан фойдаланиб, Ураннинг яна ўндан зиёд йўлдошлари очилди. Уларга ҳам Шекспир асарларидан келиб чиқиб ном бериш анъанаси давом эттирилди. Хусусан, эндиликда Уран атрофида Розалинда, Пердита, Купидон, Тринкуло, Просперо сингари драматургия «вакиллари» айланмоқда. Улар орасидаги ҳозирча энг охирги Шекспир қаҳрамони — Маргарита эса «Йўқ жойдан чиққан ғавғо» асаридан олинган бўлиб, у 2003 йилда кашф қилинган эди.

Умуман олганда, ҳозиргача Ураннинг 27 та табиий йўлдоши аниқланган. Шундан 25 таси Шекспир қаҳрамонларининг номи билан аталган. Нима ҳам дердик, Зулфиқор Мусоқовнинг «Яратганга шукр» кинофильмида айтилганидек «Шекспир ака» билан астрономлар бир-бирларини жуда яхши тушуниб олишган.

Музаффар Қосимов тайёрлади