Жаҳон банки 2022 йилда жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши прогнозини эълон қилиб, Европа ва Марказий Осиёда 2022 йилда иқтисодий ўсиш деярли 2 баробарга қисқаришини маълум қилди. ташкилотнинг бу бўйича ҳисоботи БМТ сайтида эълон қилинди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, макроиқтисодий сиёсатдаги ўзгариш ва коронавируснинг янги тўлқинлари, жумладан, «омикрон» штамининг тарқалиши иқтисодий прогнозга салбий таъсир кўрсатади. Бюджет ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини қисқартириш фонида 2023 йилда минтақада иқтисодий ўсиш суръатларининг янада секинлашиши прогноз қилинган, яъни унинг суръати 2,9 фоиздан ошмайди.

Таъкидланишича, 2023 йилда глобал ва евроҳудудда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва хом ашё нархларининг пасайиши шароитида ташқи талабнинг рағбатлантирилиши кутилмайди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 2023 йилда пандемиядан олдинги даражадан тахминан 1,5 фоизга паст бўлиши прогноз қилинмоқда.

Мутахассислар иқтисодий соҳадаги асосий хавфларни, айниқса, аҳолини эмлаш даражаси паст бўлган мамлакатларда ковид эпидемияси билан боғламоқда. Европа ва Марказий Осиё давлатларининг бутун дунё ва евроҳудуд билан яқин молиявий ва савдо алоқаларини ҳисобга оладиган бўлсак, пандемиянинг дунёнинг бошқа қисмларида узоқ давом этиши минтақа учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Минтақадаги энергия экспорт қилувчи давлатлар жаҳон хом ашёси нархларининг катта тебранишларига қарши ҳимоясизлигича қолмоқда. Қайд этилишича, минтақада 2023 йилда инфляция кўрсаткичларининг ошиб кетиши хавфи молиявий зарбаларга сабаб бўлиши мумкин.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсишини прогноз қилганди. Шунингдек, мамлакатнинг Глобал инновацион индекс ҳисоботидаги ўрни маълум қилинганди.