Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 12 январь, чоршанба куни Олмаотада тезкор штаб йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Nur.kz»

Маълум қилинишича, учрашувда ҳукумат комиссияси раиси, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Олмаота шаҳри ҳокими, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, ички ишлар вазири, Мудофаа вазири, Фавқулодда вазиятлар вазири иштирок этган. Улар йиғилишда президентга унинг Олмаотага қўшимча кучларни, жумладан, КХШТ кучларининг тинчликпарвар контингентини юбориш тўғрисидаги қарори туфайли шаҳар қутқариб олингани ва террорчилардан қайтариб қолинганини айтган.

«Эртага (13 январь) КХШТ тинчликпарвар контингентини уюшган ҳолда олиб чиқиши бошланади. Мен тегишли давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказдим. Фурсатдан фойдаланиб, контингент қўмондонлигига шу кунларда амалга оширилган ишлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу террорчилар ва бандитларнинг тажовузини қайтариш учун катта психологик аҳамиятга эга эди. «Миссия жуда муваффақиятли деб баҳоланди. Мен ҳамкасбларим — давлат раҳбарларига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деган Қозоғистон президенти.

Шунингдек, Тўқаев Олмаотага ташрифи ва шаҳар унинг учун қандай аҳамиятга эга эканига тўхталиб ўтган.

«Мен Олмаотага мамлакатнинг энг йирик шаҳрига содир этилган теракт оқибатлари кўламини шахсан ўзим баҳолаш учун келдим. Биласизми, Олмаота менинг она шаҳрим. Мен шу ерда туғилганман ва ўқиганман. Ҳозир олдимизда шу шаҳарни имкон қадар қисқа муддатда қайта қуриш вазифаси турибди. Президент сифатида ҳам, давлатимиз фуқароси сифатида ҳам бу мен учун шарафли иш ҳисобланади. Шаҳар қайтадан барпо этилишига шубҳам йўқ, ҳукуматнинг вазифаси эса шаҳарни аввалгидан ҳам яхшироқ қилишдир. Жуда яхши ишлашимиз керак», — деган Қозоғистон президенти.

Шунингдек, у ҳукумат комиссиясига Олмаота шаҳри маъмурияти билан биргаликда инфратузилма объектлари ва видеокузатув тизимини тезроқ тиклаш бўйича топшириқ берган.

Аввалроқ Қозоғистон янги ҳукумати таркиби тасдиқланганди. Шунингдек, Тўқаев аҳолининг бой қатламига оид топшириқ берганди.