«Янги Ўзбекистон» боғи маъмурияти «Истиқлол» монументидаги гипсларнинг кўчгани ва пиёдалар йўлакларига зарар етгани бўйича изоҳ берди, деб хабар қилмоқда «Газета.uz».

Фото: Telegram

Ижтимоий тармоқларда боғдаги «Истиқлол» монументи барьелефларининг гипсли деталларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалган. Суратларда пиёдалар йўлакчасидаги ёриқлар ва бошқа камчиликлар ҳам кўрсатилган.

Фото: Telegram
Фото: Telegram

Боғ раҳбариятининг маълум қилишича, монументнинг гипс қисмларига зарар етган ва парчалар икки ой ичида бронзага алмаштирилади. Дирекциянинг тасдиқлашича, монументнинг айрим безак қисмлари гипсдан тайёрланган ва улар вақтинчалик ҳисобланади.

Фото: Telegram

«Бу вақтинчалик гипсдан қилинган. Яқин икки ой ичида бронзага алмаштирилади», — деган масъул Миржалил Мирқосимов.

У, шунингдек, пиёдалан йўлакларига зарар етганига ҳам изоҳ берган. Таъкидланишича, бу байрамлар вақтида йўловчилар оқими катта бўлгани билан боғлиқ. «Пиёдалар йўлаклари одамлар билан тўлди, айримлари ҳатто майсалар устидан ҳам юришди», — деган маъмурият вакили.

Фото: Telegram

Маълумот учун, «Янги Ўзбекистон» боғи ва унда ўрнатилган «Истиқлол» монументи 31 август куни Шавкат Мирзиёев томонидан очилган. Боғ Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналишини ўзида мужассам этган беш шохли дарахт шаклида бунёд этилган. Унда 5000 ўринли амфитеатрдан ташқари сунъий кўл, спорт ва ўйин майдончалари ва бошқа иншоотлар ҳам мавжуд.

Аввалроқ Тошкентда йўлнинг чўкиш ҳолати юзасидан мансабдорларга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.