Россиялик кардиолог Сергей Бойцов коронавирусдан тузалгандан сўнг айрим одамлар вафот этиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sky News»

Маълум қилинишича, ковиддан даволанганларда юрак-қон томир тизимидаги патологик жараён тузалгандан кейин ҳам давом этиши мумкин. Мутахассислар инсон саломатлигининг бу вақтдаги ёмонлашувига коронавирус сабаб бўлмаслиги, чунки организмда вирус қолмаслигини айтган.

«Бироқ яллиғланиш жараёни ишемик касалликнинг кучайишига олиб келиши мумкин», — деган Бойцов.

Шифокорнинг таъкидлашича, бу касалхонадан чиққандан кейин ҳам бир мунча вақт ўтгач содир бўлиши мумкин. «Биз миокард инфаркти, шунингдек, ўлимга сабаб бўлувчи асорат ҳақида ҳам гапиряпмиз», — деган у.

Кардиолог юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар алоҳида хавф тоифасига кириши, шунинг учун бундай беморларни мажбурий равишда эмлаш кераклигини айтган. Унинг аниқлик киритишича, юрак-қон томир касалликларидан кейинги асоратлар, жумладан, ўлим кўрсаткичлари нафақат коронавирус, балки аксарият инфекциялар билан ҳам боғлиқ.

Аввалроқ россиялик мутахассис ковиднинг янада хавфли штами юзага келишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, Европанинг ярми «омикрон» штами билан касалланиши маълум қилинган.