Ўзбекистон мактабларида III чоракдан жисмоний тарбия фани ҳафтасига 2 соатдан ўтилади
Аввалроқ спорт зали бўлмаган муассасаларда дарслар 2 соатдан 1 соатга камайтирилганди
Ўзбекистондаги барча мактабларда III чоракдан жисмоний тарбия фани ҳафтасига 2 соатдан ўтилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида қишки давр (декабрь, январь, февраль ойлари)да ўтиладиган жисмоний тарбия фани дарслари ўқув соатларини 10 ҳафта давомида 5–10-синфларда ҳафтасига 2 соатдан 1 соатгача камайтирилган эди.
11 январь куни мазкур тартибни бекор қилиш ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида жисмоний тарбия фани ўқитилиши жараёнларини такомиллаштириш тўғрисида халқ таълими вазирининг буйруғи имзоланди. Унга кўра, ўқувчиларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш мақсадида умумтаълим мактабларида қишки даврда ҳам бу фан барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўтилиши белгиланди.
Маълумот учун, 2021/2022 ўқув йилининг III чорагидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган умумтаълим муассасаларида ҳам ушбу фан барча синфларда ҳафтада 2 (икки) соатдан ўқитилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда таълим даражаси паст мактаблар малакали кадрлар билан кучайтирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда бокс бўйича олий спорт мактаблари ташкил этилиши айтилган.