Ҳукумат қарори билан техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилиш тартиби белгиланди. Муассасани муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра, ўзлаштириш баҳолари 5 (аъло) ва 4 (яхши), бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) 5 (аъло) бўлган битирувчилар киради.

Мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан битирувчи техникумни тамомлагандан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.  Юқоридаги тоифага кирмайдиган ҳамда техникумни битирганига икки йилдан ошганлар ўқишга кириш истагини билдирганда уларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига ўқишга қабул қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Таълим йўналишлари рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади.

Бунда битирувчилардан:

  • паспорт ёки ID-карта нусхаси;
  • техникумни битирганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг нусхасини юклаш талаб этилади.

Онлайн рўйхатдан ўтганларнинг тизимга юкланган ҳужжатлари олий таълим муассасалари қабул комиссияси томонидан ҳар йили 5 августга қадар ўрганиб чиқилади. Ўрганиш натижалари бўйича абитуриентларнинг шахсий кабинети орқали уларга хабар берилади.

Ушбу низом олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университетига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларида ишлаётганлар ОТМга суҳбат билан қабул қилиниши маълум қилинганди. Шунингдек, ТДЮУ қошидаги лицей битирувчилари университетга суҳбат асосида қабул қилиниши ҳақида хабар берилган.