Ўзбекистоннинг энг йирик минтақавий ва савдо ҳамкори Қозоғистонда оммавий тартибсизлик кузатилди. 2022 йил 2 январь куни суюлтирилган газнинг нархи оширилиши натижасида юзага келган норозилик харакати кейинчилик қуролли ҳаракатга айланиб кетди. Ўзбекистон билан энг катта чегарадош давлатдаги тартибсизликлар ўзбек халқи иқтисодиётига қанчалик таъсир қилади?

Фото: «Orda.kz»

Расмий Тошкент дунёнинг 181 мамлакати билан савдо алоқаларига эга бўлиб, Қозоғистон давлатнинг энг йирик 3-савдо ҳамкори ҳисобланади. 2021 йил январь–ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатлар ўртасида савдо айланмаси 3,5 миллиард АҚШ доллар бўлган, бу Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 9,3 фоизини ташкил этади. Мамлакат фақат Хитой (6,7 миллиард) ва Россия (6,6 миллиард) билан бундан кўпроқ савдо қилади.

Савдо айланмасида Қозоғистон улуши Хитой ва Россияникидан камроқ бўлса-да, Ўзбекистон Қозоғистондан нисбатан муҳим аҳамиятга эга товарлар сотиб олади ва сотади.

Ўзбекистон Қозоғистонга нималар экспорт қилади?

Статқўм маълумотларига кўра, бу мамлакатга Ўзбекистондан, асосан, енгил ва юк машиналари, шунингдек, мева-сабзавот экспорт қилинади. Хусусан, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистон энг кўп енгил автомобилни Қозоғистонга (28 минг 651 та) экспорт қилган. Шунингдек, мамлакатнинг юк автомобиллари ҳам энг кўп Қозоғистонда сотилган (517 та).

Мева-сабзавотларга келганда эса холат қуйидагича:

2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистон қиймати 863,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қарийб 1,4 миллион тонна мева ва сабзавот экспорт қилган бўлиб, шундан 587 минг тоннаси (42 фоизи) Қозоғистон хиссасига тўғри келган. Бундан ташқари, бу мамлакатга тайёр кийим-кечаклар, мебель, дори-дармон, шиша идиш ва буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, атиргул, мис маҳсулотлари, гилам, кондиционер шунингдек, полиэтилен ҳам экспорт қилинади.

Ўзбекистон Қозоғистондан нималар импорт қилади?

Импорт масаласида бу мамлакат Ўзбекистон учун янада муҳимроқ ҳисобланади. Сабаби бу мамлакат Ўзбекистонга буғдой, гўшт, гуруч, картошка, цемент ва бензин каби стратегик аҳамиятга эга товарлар етказиб беради.

Масалан, 2021 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистон энг кўп гўштни Беларусь (16,2 минг тонна) ва Қозоғистон (3,5 минг тонна)дан импорт қилган. Аҳамиятли томони, мамлакатга Беларусдан жўнатилган гўшт ҳам Қозоғистон орқали кириб келади. Айнан шу сабабли Қозоғистондаги намойишлар фонида Ўзбекистонда гўшт нархи 2000–3000 сўмга кўтарилган.

Буғдой масаласида Статқўм базасидан расмий статистика топишнинг имкони бўлмади, лекин «Bugun.uz» манбаларига кўра, мамлакатга импорт қилинадиган буғдойнинг асосий қисми Қозоғистондан кириб келади. Шу сабабли Ўзбекистондаги ун ва ноннинг нархи Қозоғистондан импорт қилинувчи буғдойга тўғридан-тўғри боғлиқ.

Гуручни ҳам 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонга энг кўп айнан Қозоғистон экспорт қилган. Бу даврда мамлакатга 13 та хорижий давлатдан қиймати 7,4 миллион АҚШ долларига тенг қарийб 28 минг тонна гуруч импорт қилинган. Бу маҳсулот импортининг 98 фоизи (27,5 минг тонна) Қозоғистон хиссасига тўғри келади. Цемент ва картошка ҳам 2021 йилнинг 11 ойида энг кўп Қозоғистондан импорт қилинган.

Автомобил бензини етказиб бериш бўйича қўшни мамлакат Ўзбекистоннинг 3-энг йирик савдо ҳамкоридир. 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонга Қозоғистон 16 миллион литр бензин экспорт қилган. Шунингдек, бу мамлакатдан Ўзбекистонга енгил автомобиллар, шоколад, телевизор ва унинг қисмлари, мебель, банан, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, мобил телефонлар, пишлоқ ва творог, чой, асал ва ҳатто музқаймоқ ҳам етказиб берилади.

Юқоридагилардан ташқари, Қозоғистон Ўзбекистон туризм соҳаси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонга келган чет элликларнинг энг катта оқими Қирғизистон ва Қозоғистон улушига тўғри келади.

Мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар, юқорида қайд этилганидек, ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдириб турувчи бўлиб, 2021 йил якуни бўйича товар айирбошлаш рекорд даража — 4 миллиард долларга етиши кутилаётганди (мақола ёзилаётган вақтда йил якуни бўйича статисика ҳали эълон қилинмаган). Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойидаги Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида ушбу кўрсаткични яқин беш йилда 10 миллиард долларга етказиш мақсадида «йўл харитаси» қабул қилинганди.

Шунингдек, давлатлар ўртасида автомобилда ва темир йўллар орқали юк ташиш ҳажми ошмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошган. Албатта, қўшни мамлакатдаги тартибсизликлар ички иқтисодиётга етказган зарир ҳали тўлиқ ҳисобланмаган бўлса-да, бу рақам кун сайин ошиб бормоқда. Шунингдек, Қозоғистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятига қанчалик путур етиши бўйича расмий Нур-Султон муносабат билдирмаган.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади