«Толибон» ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистон расмийларини афғонистонликлар олиб ўтган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда «TOLO news» хабар берди.

Фото: «NBC News»

Келтирилишича, «Толибон» томонидан тайинланган Афғонистон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб бу ҳақда маълумот берган.

«Тожикистон ёки Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётларимиз қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ёки бу давлатлар ундан фойдаланишига йўл қўймаймиз. Келажакдаги ҳаво кучларимиз ҳеч қандай давлатга боғлиқ бўлмайди. Биз кучсизмиз, лекин ожиз эмасмиз. Ўзбекистон ва Тожикистон ‘Толибон’ ҳаракатининг сабрини синамаслиги ва афғон учувчилари олиб қочган самолёт ва вертолётларни қайтариб бериши керак. Акс ҳолда бу мамлакатлар салбий оқибатларга дуч келади», — деган Ёқуб.

Шу билан бирга, «Толибон» вакили яна бир бор аввалги тузум даврида Қуролли кучлар таркибида бўлган ҳарбийларни толиблар томонидан тузилган янги армия сафига қўшилишга чақирган. «Келинг, ҳукуматимизни қўллаб-қувватланг ва унга қаршилик кўрсатишни бас қилинг», — дея хулоса қилган у.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, собиқ ҳукумат парчаланганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга 40 дан ортиқ вертолёт етказилган. Аниқлик киритилишича, Афғонистон Ислом Республикаси режими ағдарилишидан олдин мамлакатда 164 та жанговар самолёт бўлган бўлса, ҳозирда атиги 81 та қолган. Уларнинг аксарияти минтақанинг бошқа давлатларига олиб кетилган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан чегарадош вилоятга махсус кучларни жойлаштирганди. Шунингдек, ҳаракат Тожикистон билан чегарага минглаб жангчиларни жойлаштиргани маълум қилинган.