«Толибон»нинг техникаларни қайтариш ҳақидаги талаблари ортида нима яширин? Экспертлар жавоб беради

«Толибон» ҳаракати томонидан Афғонистон мудофаа вазири этиб тайинланган Муҳаммад Ёқуб Ўзбекистон ҳамда Тожикистон расмийларини мамлакатлар ҳудудида қолаётган афғон ҳарбий техникалари, жумладан, самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирган. Бир қараганда, ҳақли сўров, агар уни сўров деб айтиб бўлса. Аммо «Толибон» вакилининг сўзларида таҳдид ва ультиматум оҳанги борлиги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортмай қўймади, албатта.

Фото: «NBC News»

Хўш, «Толибон»нинг бу ультиматуми ортида нима турибди, нега бундай таҳдидли баёнот айнан ҳозир берилмоқда? Бунинг Қозоғистондаги воқеалар билан қанчалик алоқаси бор? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида сиёсатшунослар билан боғландик.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«Менимча, толибларнинг бу талаби Қозоғистондаги воқеаларга алоқадор эмас. Бу, шунчаки, тўғри келиб қолди, деб ўйлайман. Кейин, толибларнинг ҳокимиятга келиб қолганига бир неча ой бўлди. Улар бошида юмшоқ оҳангда Ўзбекистондан техникаларни қайтаришни сўраб кўрди. Менимча, энди улар бироз асабийлашмоқда ва техникаларни қайтаришни қаттиқроқ оҳангда сўрашни бошлаяпти. Ўзбекистон бу масалада икки ўт орасида қолган дейиш мумкин.

Бир томондан ‘Толибон’ билан ўзаро ижобий муносабатларни йўқотмаслик, ўрнатилган алоқаларнинг пасайишига йўл қўймасликка ҳаракат қилса, иккинчи томондан, коллектив Ғарб билан ҳам алоқаларга соя тушмаслигига ҳаракат қилмоқда. Сабаби ўша техникаларни қайтаришга ғарб давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ ўз ветосини қўйган. Хориждаги афғон мухолифатчилари, собиқ мулозимлар, қолаверса, АҚШ ҳам бу техникаларнинг қайтарилишига қаттиқ норозилик билдирмоқда.

Ўзбекистонга бу техникалар керак эмас, у техникаларни ўзига олиб қолишдан манфаатдор эмас. Шунинг учун Ўзбекистон ўзаро келишув йўли билан бу масаладан тезроқ қутилишни ўйлаши ва ҳаракат қилиши керак».

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:

«Бу борада аниқ бир нарса дейиш ҳозирча қийинроқ. Чунки бундай сўров олдин ҳам бир неча марта берилган. Лекин бунақа оҳангда, ультиматив тарзда биринчи марта янграмоқда. Шу пайтгача ‘Толибон’ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар кўнгилдагидек эди. ‘Толибон’ доим Ўзбекистонга ҳеч қандай хавф бўлмаслигини баён қилиб келган. Аммо бугун янграётган талаб олдинги гапларга анча тескари янграмоқда. Бу эса ўзига хос бир ҳолатни вужудга келтирмоқда.

Қолаверса, Афғонистондаги вазият айни дамда жуда оғир. Чуқур иқтисодий ва ижтимоий инқироз ёқасида турган ‘Толибон’ мамлакатдаги ҳолатни яхшилашни ўйлаши ақллироқ иш бўлар эди. Бундай талабларни қўйиш ҳозирча уларга ярашмайди, деб ҳисоблайман».

Юқоридаги мутахассисларнинг фикрларидан шундай хулосага келиш мумкинки, «Толибон»нинг нима сабабдан бундай талаб билан чиқаётгани барибир ноаниқлигича қолмоқда. Буёғи энди сиёсатчиларнинг ва масъулларнинг вазифаси.

Жаҳонгир Остонов суҳбатлашди

Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Жаҳон17:24 | 15.8.22
Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Жамият16:57 | 15.8.22
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Илм-фан16:33 | 15.8.22
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Жамият15:59 | 15.8.22
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео
Жамият, Наманган15:47 | 15.8.22
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео
Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракат вақти ўзгаради
Жамият, Тошкент ш.15:24 | 15.8.22
Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракат вақти ўзгаради