Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси пробация бўлими ҳисобида турувчи 2398 нафардан ортиқ маҳбус муддатидан аввал озод қилинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Medium»

Маълум бўлишича, 2021 йил давомида Тошкент вилояти ИИББ пробация бўлими ҳисобида турувчи назоратдаги шахслар билан ўтказилган профилактик тадбир ва сайёр судларда меҳнатга тўғри муносабатда бўлган, чекловларга тўлиқ риоя этган 2398 нафар назоратдаги шахснинг жазоси муддатидан илгари шартли тугатилган.

Келтирилишича, озод қилинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича 134 марта меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда 14 минг 343 нафар шахсга ишга қабул қилиш бўйича йўлланма берилган ҳамда 3793 нафари ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, 422 киши касбга йўналтириш бўйича бепул ўқув курсларига бориши таъминланиб, 220 нафари қайта касбга йўналтириш бўйича ўқитилган. Олиб борилган чора-тадбирларга суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилмай, жазони ўташдан бўйин товлагани учун 155 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш жойига қайтарилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда халқаро диний эркинлик бўйича 2020 йил ҳисоботи эълон қилиниб, йил давомида дин билан боғлиқ жиноятлари учун ҳибсга олинган 243 нафар маҳбус озод этилганди.