Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 10 январь куни музлаб қолган 71 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: Telegram

Маълум бўлишича, воқеа 10 январь куни соат 12–15 атрофида шаҳарнинг Лашкарак МФЙда жойлашган Эски Ангрен ИЭСга қарашли дам олиш маскани ҳудудида содир бўлган. Масканнинг пастки томонидан оқиб ўтувчи сойга дам олиш учун келган 71 ёшли эркак — А.Р.нинг музлаган жасади топилган.

Ҳодиса жойига шаҳар прокурори ўринбосари, шаҳар прокуратураси катта терговчиси, шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда тезкор гуруҳ ходимлари етиб борган. Қайд этилишича, 10 январь куни ушбу ҳолат юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган бўлиб, дастлабки маълумотга кўра, Р.А.нинг ўлимига умумий ташқи муҳитдаги паст ҳарорат таъсирида организмни умумий совуқ қотиши, мия ва ўпки шиши, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиниши таъминланиб, қўшимча маълумот тақдим этилади.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудидаги даладан бўйин қисми ўткир тиғ билан кесилган жасад топилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сирдарёдаги даладан 47 ёшли ёқиб юборилган эркак мурдаси топилган.