Тошкент вилояти ва шаҳрида турли номдаги дориларни 16 минг АҚШ доллари ва 82 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Telegram / @department_uz

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали пул ишлашни кўзлаган. У чет элда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжати бўлмаган 3 минг 199 қути «Энвит» ва 5 минг қути «Дексаметазон» номли дори воситаларини фуқаро A.га 16 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Ю., А.Ҳ. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, тегишли ҳужжати бўлмаган 18 турдаги жами 29 минг 123 дона турли дори воситаларини 82 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186 ҳамда 3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека» аниқлангани, шунингдек, психотроп дориларни ноқонуний сотаётган корхона раҳбари ушлангани хабар қилинганди.