Тошкент шаҳрида фуқароларнинг 10 минг долларгача нархда бўлган тилла буюмларини алдов йўли билан олиб, молиявий «пирамида» ташкил қилган украиналик эркак ушланди. Бу ҳақда АОКАда 12 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2020 йил 15 январь куни Украина давлат фуқароси М.М. Тошкент шаҳрида «Golden Cash story» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасини таъсис этган. Бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, ушбу корхонага тилла ва кумуш буюмларини инвестиция тариқасида киритганларни корхона томонидан хафтасига 2–3 фоиз, йилига 40 фоиздан 262 фоизгача даромад бериб бориш билан қизиқтирган. Хусусан, у фуқаролардан 100 АҚШ долларидан 10 минг АҚШ долларигача бўлган нархдаги тилла ва кумуш буюмларни қабул қилган.

«Улар мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан гўёки даромад сифатида пластик карталарига маълум миқдорда пул маблағини ўтказиш йўли билан қизиқтириб, республика бўйича минлаб фуқароларнинг жуда кўп миқдорга тенг бўлган мулкини қўлга киритган. Жабрланганлар сони, асосан, Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Қарақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятларига тўғри келади», — деди ИИВ Тергов департаменти ўта мухим ишлар бўйича терговчиси Маъмур Раҳматуллаев.

ИИВ вакилининг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши 2021 йил 17 ноябрда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан хорижий корхона ва унинг мансабдор ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 181-моддаси 2-қисми в,г бандлари билан қўзғатилган. Мансабдорлар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Шунингдек, 2021 йил 22 ноябрь куни жиноят иши Тергов департаменти иш юритувига олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда молиявий пирамида асосида фаолият олиб борганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда кредит маблағини талон-торож қилган раҳбар аниқланганди.