«Туронбанк» мобил иловасидаги хатолик тўғрисидаги хабарларга расмий муносабат билдирилди. Ушбу вазиятдан фойдаланиб, мўмай даромад кўрганлар эса суд олдида жавоб берди, деб хабар қилмоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

«Ушбу ҳолатнинг юзага келишида банкнинг ҳеч қандай айби ёки хатоси йўқ. ‘MyTuron’ мобил иловаси маҳаллий дастурчи компаниялар томонидан яратилган, унинг созлиги, техник ҳолати ва тўлиқ ишлашига улар масъул. Бу ҳолатда аксинча, банкка зарар етказилган.

Шу ҳолат содир бўлишидан аввал ҳам бошқа масъулиятли фуқаролар маблағлари картадан пул кўчирган вақтда пуллар қолиб кетаётганлиги ҳақида банкка мурожаат қилишган. Молия муассасаси ходимлари ушбу дастур яратувчилари бўлган компания ходимларига бу хатоликлар бўйича маълумот бериб, бартараф этиш чораларини зудлик билан кўришни сўраган», дейилади банк муносабатида.

«Туронбанк» АТБ матбуот котиби Нодирбек Муқимовнинг «Bugun.uz»ga маълум қилишича, ҳозирда банк «MyTuron» мобил иловасини янгилаш бўйича хориж компанияси билан ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

2020 йилнинг декабр ойида Фарғонада 7 киши «Туронбанк»нинг «My Тuron» мобил иловасидаги қисқа муддатли носозликдан фойдаланиб, 698 миллион 689 минг сўм банкнинг пулларини ўзлаштирган.

Аниқланишича, Ёзёвон туманида яшовчи Р.У. 2020 йил 19 декабрь куни соат 21:30 да таниши Р.О.га «Туронбанк»нинг «My Тuron» мобил иловаси орқали Humo пластик картасидан 9950 сўмни Uzсard картасига ўтказганида, ўтказма амалга ошгани, бироқ ўтказилган пуллар Humo пластик картаси ҳисоб-рақамидан камаймаганини айтган.

Шундан сўнг Р. У. шу ҳолатни текшириш учун яшаш жойидаги «Туронбанк» АТБ Фарғона филиалидан олинган Uzсard ҳамда Humo пластик картасини ўзининг телефонига SMS-хабарнома хизматини ёқиб, «My Тuron» мобил иловасига ушбу ҳар иккала пластик картасини бириктирган.

Р.У. ва Р.О. юқоридаги усулдан фойдаланиб, 121 миллион сўмдан кўпроқ, орадан бир неча кун ўтгач Р.У. ўртоғи Ж.А. билан 220 миллион сўмни, И.Қ. билан 29 миллион сўмни, сўнг Р.О. таниши С.С. билан 10 миллион сўмни, сўнг И.Қ. ўртоғи М.Қ. билан 310 миллион сўмни ҳамда Р.О. билан 8 миллион сўм пул маблағларини ўзлаштиришган. Умумий ҳисобда етти нафар шахс 698 миллион 689 минг сўм банкнинг пулларини талон-торож қилган.

Олиб борилган ҳаракатлар натижасида банкнинг пуллари тўлиқ қайтарилган, судланувчилар ҳолат аниқланиши билан барча пулларни ихтиёрлари билан топширган.

Қонунчиликка кўра, мижознинг ҳисобварағига нотўғри маблағлар келиб тушиш ҳолати юз берганда, мижоз ушбу ҳолат юзасидан банкка хабар бериши керак.

Ҳолат жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани судида кўриб чиқилган ва уларнинг 5 нафари Жиноят кодексига кўра, 3 йил 6 ойдан — 5 йил 6 ойгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Қолган икки кишига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.