Туризм ва спорт вазирлигида 12 январь куни блогерлар, вазирликлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан коронавирусга қарши вакцинациялаш жараёни темпини ошириш ҳақида бўлиб ўтган йиғилишда жамоатчилик вакилларидан эмлаш жараёни кўламини ошириш борасида фикр, таклифлар олинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 8 январь куни коронавируснинг «омикрон» штами билан зарарланиш ҳолати аниқланганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 4 январь санасидан буён вирусга чалиниш ҳолатлари ўсиб келмоқда. Йиғилишда вируснинг янги штами тўлқини енгилроқ ўтиши учун аҳолининг эмланганлик даражасини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Спорт ва туризм вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатда вакцинациялаш сурати пастлиги, айниқса, Тошкент шаҳрида аҳолининг эмланиш жараёнлари оқсаётганини айтиб ўтди.

«Ҳайрон қолдирадиган тарафи вилоятларда вакцина олиш кўрсатгичи юқори, лекин Тошкент шаҳрида пастлигича қолмоқда. Вирусга чалинган фуқаролар ҳам карантин вақтида уйида ўтирмасдан, жамоат жойларига бориб, жамоат транспортларида юриб, вирус янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлмоқда. Ҳозирда бизда вирус тарқалиши учун ‘идеал шторм’ мавжуд», — деди вазир.

Абдуҳакимов йиғилиш иштирокчиларидан аҳолини эмлаш темпини ошириш борасида таклифлар сўради. Иштирокчилар вакцина олиш тарғиботини оммавий ахборот воситаларида ёйиш ҳақида фикр билдирди. Шунингдек мажлисда қуйидагича таклифлар билдирилди:

  • соғлиқни сақлаш ходимлари уйма-уй юриб, эмлаш ишларини олиб бориши;
  • вакцина олиш долзарблиги ҳақида ижтимоий рекламалар тайёрлаш;
  • ходимлари эмланган ташкилот-брендларни шаҳар лед экранларида бепул рекламасини қўйиши мумкин бўлиши;
  • эмлаш жараёнларига махсус платформа орқали рўйхатдан ўтиш имкониятини яратиш;
  • диний уламолар аҳолига вакцина олишга эътибор қаратилиши учун тарғибот ишлари олиб бориши;
  • янги вакцина қабул қилганлар орасида мукофот қўйилган лоторея ўтказиш;
  • вакцина олганларга бир марталик пул ажратиш (бюджет имкониятига қараб);
  • ходимлари тўлиқ эмланган савдо, хизмат кўрсатиш нуқталари учун махсус ёрлиқлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни дўкон, ресторан ва бошқа объектларда жойлаштириш каби таклифлар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқлангани нима учун орадан икки кун ўтиб эълон қилингани, Шунингдек, ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан тўлиқ ҳимоя қилиши айтилганди.