Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни рақамлар билан бошлаймиз. Ўзбекистонда 2021 йил давомида аҳоли ҳар куни салкам 2 минг нафарга кўпайди.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда доимий аҳоли сони 712,4 минг кишига ошган. Бу дегани, ҳар ойда аҳоли сони ўртача 59,4 минг кишига ошган, кунига эса ўртача 1,9 мингга кўпайган. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатигга кўра эса Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 35 271 276 кишини ташкил этмоқда. Агар шундай «темп»да давом этилса, йил охирида 36 миллиондан ошамиз (шекилли).

Ўзбекистон «Толимаржон»даги носозлик туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 60 фоизга қисқартирди.

Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси 12 январь, чоршанба куни Ўзбекистон электр энергияси импортини улар билан ҳеч қандай келишувсиз 60 фоизга камайтиргани ҳақида баёнот берди.

Фото: «Azer News»

DABS Ўзбекистон расмийларига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, пасайишга мамлакатдаги «Толимаржон» подстанциясидаги техник носозлик сабаб бўлган. Муаммо икки–уч кун ичида ҳал қилиниши қайд этилган. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан электр таъминотидаги узилишлар туфайли 16 вилоятда электр энергиясида муаммо юзага келган.

Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишнинг асосий сабаби ҳозирча номаълум бўлса-да, «Толибон» мудофаа вазири мамлакатдан Афғонистон вертолётларини қайтариш ҳақида огоҳлантирганди.

Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Президент унда Қозоғистондаги вазият бўйича муносабат билдирди.

Давлат раҳбари Қуролли кучлар сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар ва соҳа фахрийларини байрам билан табриклади. Шундан сўнг Президент Қуролли кучларнинг шаклланиши ва ислоҳ қилиниши ҳақида фикр билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз 2016 йилда Қуролли кучларимиз фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда ҳарбий қурилишнинг барча йўналишлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилдик. Ва беш йиллик истиқболга мўлжалланган, кечиктириб бўлмайдиган комплекс чораларни кўрдик.

Аниқ мақсадга қаратилган ана шундай ишлар натижасида армиямиз қиёфаси ҳам, ҳарбий хизматнинг маъно-мазмуни ҳам тубдан ўзгармоқда. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлик даражаси кескин ошмоқда», — деди Президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Давлат раҳбари Тўқаевнинг фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, у қозоғистонлик ҳамкасби билан бир неча бор телефон орқали гаплашган. Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.

«Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди. Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир», — деди давлат раҳбари.

«Uzbekistan Airways» 15 январдан Олмаота, Оқтўбе ва Оқтов шаҳарларига мунтазам қатновларни тиклайди.

Қозоғистонда бошланган тартибсизликардан кейин 5 январдан бошлаб бекор қилинган авиарейслар 10 кун ўтиб, 15 январь куни қайта тикланади.

Фото: «Bugun.uz»

15 январь, шанба кунидан бошлаб қуйидаги йўналишлар бўйича мунтазам авиақатновлар қайта йўлга қўйилади:

  • Тошкент–Олмаота–Тошкент;
  • Самарқанд–Олмаота–Самарқанд;
  • Нукус–Оқтўбе–Нукус;
  • Урганч–Оқтов–Урганч;
  • Нукус–Оқтов–Нукус.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда мулк солиғи туфайли 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади;
  • Жаҳон банки: 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсди;
  • Ўзбекистонда бизнес-омбудсман жарима солиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Шавкат Мирзиёевнинг 12 январда «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигига қаратилган рейтинг баҳолаш тизими жорий этилиб, баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикатор асосида амалга оширилади (уларнинг тўлиқ рўйхати бу ерда).

Тизим 2022 йил 1 февралдан бошлаб эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилоти фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилоти фаолиятига жорий этилиши маълум қилинган.

Шунингдек, баҳолаш «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилиши ҳамда тизим 0 балдан 100 балгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифага ажратилиши айтилган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу тизимга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Россия ҳукумати мамлакатга Қозоғистондан гўшт олиб киришни тақиқлади. КХШТ эса мамлакатдаги миссиясини муваффақиятли якунлаб, уни тарк этмоқда.

Россия ҳукумати мамлакатга Қозоғистондан гўшт, сут ва ҳайвонларни олиб киришни вақтинча тақиқлади. Мазкур тақиққа Қозоғизтонда ҳайвонлар орасида оқсил юқумли касаллиги тарқалгани сабаб бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, мамлакат ҳудудига 12 январдан бошлаб қуйидагиларни импорт қилиш тақиқланмоқда:

  • касаллик тарқатувчи вирус йўқ қилинишини кафолатлайдиган иссиқлик билан ишлов берилмаган хом гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари;
  • мазкур касалликка мойил бўлган тирик ҳайвонлар, шу жумладан, ёввойи, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари;
  • вирусни йўқ қилишни кафолатлайдиган технология ёрдамида қайта ишланмаган жун ва тери.

Шунингдек, Қозоғистондан касалликка мойил бўлган тирик ҳайвонларни Россия орқали транзит қилиш ҳам тақиқланган. Маълумот учун, оқсил касаллиги ҳайвонларнинг ўта хавфли вирусли касаллиги бўлиб, у одамларга ҳам юқиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон раҳбари 13 январдан бошлаб КХШТ тинчликпарвар контингенти мамлакатни тарк эта бошлашини маълум қилганди. «Эртага (13 январь) КХШТ тинчликпарвар контингентини уюшган ҳолда олиб чиқиши бошланади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.