Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ эволюцион таълимот мавзуси доирасида баҳс-мунозаралар қизиганидан-қизиган майдонга айланди. Мавзу инсоният яратилиши ва ривожланиб, то ҳозирги кунга қадар етиб келишига тааллуқли бўлгани учун бу бўйича турли фикрлар янгради. Шундан келиб чиқиб, «Bugun.uz» колумнисти ҳуқуқшунос Комрон Комилов мазкур мақолада инсон яратилиши ҳақида айнан қайси қараш ҳақиқатга яқин экани ҳақида эмас, балки жамиятдаги кўпфикрлилик, дунёқарашлардаги хилма-хилликнинг аҳамияти, плюрализм тушунчаси ва унинг ҳуқуқий асослари ҳақида сўз юритади.

Плюрализм нима?

Плюрализм лотинча «pluralis» сўзидан олинган бўлиб, «кўплик» деган маънони билдиради. Яъни бир нечта мустақил ва турли эътиқод, келиб чиқиш, турмуш тарзи, фикрлаш ва дунёқарашга эга бўлган одамлар бир жамиятда бирга яшаши ва ижтимоий ҳамда сиёсий жараёнда тенг равишда иштирок этишини тарғиб қилувчи ғоя плюрализм дейилади. Бунда жамиятда турли гуруҳларнинг иштироки барча учун бирдек зарур ва фойдали экани таъкидланади, айнан шу орқали умумий манфаатга мос бўлган қарорлар қабул қилиниши мумкин. Давлат бошқарувида плюрализм турли манфаатлар, эътиқодлар ва турмуш тарзига эга бўлган шахсларнинг тинч-тотув яшаши ва бошқарувда иштирок етишига имконият яратилишини ёқлайди.

Фото: «WSJ»

Плюрализмнинг келиб чиқиши тарихан қадимги Юнонистон давлатларига бориб тақалади. Қадимги Aфинада 20 ёшдан бошлаб фуқаролар (аёллар, чет елликлар ва қуллардан ташқари) ижтимоий-сиёсий ҳаётда қатнашиши мумкин бўлган. Яъни тўла бўлмаса ҳам, маълум даражада плюралистик қарашлар амалиётда милоддан олдинги даврларда ҳам қўлланган. Плюрализмнинг идеал кўриниши ҳар бир шахсга барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи берилган соф демократияда учрайди. Шу билан то ҳозирги кунгача турфа фикрлилик демократиянинг асосий элементларидан деб қаралади.

Янги тарихда плюрализмнинг давлат ва жамиятдаги ўрни мустаҳкамланишида Aнглия, Франция ва AҚШда содир бўлган инқилоблар муҳим роль ўйнаган. Жумладан, 1787 йилда AҚШ Конституциясининг оталаридан бири Жеймс Мэдисон 10-сонли федералист қоғозларида фақат турли қарашдаги кўплаб рақобатдош партияларнинг давлат бошқарув органларидан ўрин олишига тенг шароит яратиб бериш орқали якка ҳукмрон мафкуранинг ўрнатилиши каби салбий оқибатнинг олдини олиш мумкинлигини қайд этиб ўтган. Шунингдек, гарчи бу атамани айнан ишлатмаган бўлса-да, Жан-Жак Руссо ва Вольтер каби файласуфлар плюрализм тарафдорлари бўлган.

Плюрализмнинг турлари

Плюрализмнинг соҳалар бўйича бир неча тури мавжуд. Масалан, сиёсий плюрализм давлат ва жамият ҳаётида турли хил ва бир-бири ўртасида рақобатлашувчи сиёсий қарашларга эга бўлган шахслар, гуруҳлар иштирокини таъминлашни назарда тутади. Кўппартиявийлик, бошқарувнинг марказлаштирилмаслиги, нодавлат сиёсий институтларнинг жамиятдаги фаол иштироки сиёсий плюрализмнинг характерли белгилари саналади.

Бунда ижтимоий ва сиёсий ҳаётда хилма-хилликнинг мавжуд бўлиши охир-оқибат жамиятнинг умумий манфаатига хизмат қилади деб қаралади. Шу билан бирга, жамиятда кўплаб бир-биридан фарқланувчи қарашларнинг бўлишининг ўзи етарли эмас, балки улар ўзаро муносабатга киришиши мақсадга мувофиқ. Яъни турли қарашга эга гуруҳлар ўзаро мулоқот орқали умумий манфаатга олиб келадиган йўлни излаб топиши керак бўлади. Масалан, экофаоллар ҳаво ифлосланишини тартибга солувчи қонунлар қабул қилинишига эришиши учун, албатта, саноат вакиллари билан музокарага бориши, бундай қонун бевосита манфаатига зид қатламлар билан мулоқотга киришишни талаб этади. Муаммодан хабардорлик кенгайгани сари жамоатчилик, шунингдек, тегишли олимлар, ҳукумат, парламент аъзолари ўз фикрини билдира бошлайди ва шу тарзда алалоқибат атроф-муҳитни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтиришга оид қонун қабул қилиниши мумкин.

Деярли барча жамиятда юз берадиган ўзгаришлар, қонунлар шу ҳолда – кўпчиликнинг фикри билан ҳисоблашилганидан сўнг ҳаётга татбиқ этилади. Чунки шундагина қонунлар жамиятнинг умумий манфаатига хизмат қиладиган ижтимоий келишувлик хусусиятини ўзида намоён этади.

Сиёсат билан бир қаторда плюрализм жамиятнинг бошқа соҳаларида, айниқса, маданиятда ҳам қўлланади. Маданий плюрализм турли ирқий, ижтимоий, маданий, илмий, гендер ёки жинсий келиб чиқиш, фикр ва дунёқарашга эга ижтимоий гуруҳларнинг мавжуд бўлишини илгари суради. Бунда озчилик гуруҳлари ўзининг ноёб маданий ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда жамиятнинг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этиши тавсифланади. Маданий плюралистик жамиятда турли гуруҳлар бир-бирига нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлиб, можароларсиз бирга яшайди, озчилик гуруҳлари эса ўз урф-одатларини сақлаб қолишга даъват этилади. Мисол учун, AҚШ маҳаллий ва иммиграцион маданияти ўзининг шахсий анъаналарини сақлаб қолган ҳолда бирга яшайдиган маданий плюрализмнинг типик намунаси ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда кўпгина этник америкалик қабилалар ўзининг тарихий урф-одатлари, дину эътиқодларини асрлардан бери сақлаб, келажак авлодга ўтказган ҳолда шунга мос тарзда алоҳида бошқарув тизимига эга тарзда яшаб келмоқдa.

Фото: «National review»

Плюрализмнинг яна бир тури диний плюрализмдир. Мазкур ғоя барча диний эътиқод турлари ёки конфессияларнинг тарафдорлари бир жамиятда уйғун бирга яшаши ва муносабатда бўлишини тарғиб этади. Диний плюрализм дин эркинлигидан фарқ қилади, яъни бунда барча динларнинг қонунлар ҳимояси остида мавжуд бўлишига йўл қўйилиши эмас, турли диний гуруҳлар ихтиёрий равишда бир-бири билан ўзаро манфаатли алоқада бўлиши назарда тутилади. Масалан, бир кўчада православ черкови, мусулмон масжиди, ҳинд ибодатхонасининг мавжудлиги, аввало, хилма-хиллик бўлса-да, улар бир-бири билан ўзаро дўстона алоқада бўлса, бундай муносабатлар диний плюрализмга айланади.

Плюрализмнинг ҳуқуқий асоси

Плюрализмга оид асосий ғоя, қараш ва таълимотларнинг вужудга келиши олис даврларга тўғри келса ҳам, унинг халқаро миқёсда ҳуқуқий принцип сифатида тан олиниши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларга бориб тақалади. 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»да жамиятда турли хил фикрларнинг яшаши ва ўзаро муносабатда бўлишига шарт-шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, декларациянинг 18-моддасида инсоннинг фикр эркинлиги қайд этилган. Унга биноан, ҳар бир шахс ўз мустақил фикрига эга бўлиши, уни ошкора ёки бошқалар билан биргаликда билдириши мумкин. Шунингдек, моддада плюрализминг зарурий элементларидан саналган эътиқод эркинлиги ҳам айтиб ўтилган. 19-моддада эса ҳар бир инсон ҳеч бир тўсиқсиз ўз фикрига собит бўлиш ҳуқуқига эгалиги эътироф этилган. Бу ҳар бир инсон ўз фикрини давлат чегарасидан қатъи назар, ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки бошқача усулларда баён этиш ва тарқатиш воситасида амалга оширилади. Декларацияда кўзда тутилган мазкур қоидалар 1966 йилда қабул қилинган «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида» халқаро пактда янада мустаҳкамланди. Ўз навбатида, пактнинг 22-моддасида ҳар бир инсоннинг бошқалар билан уюшиш эркинлиги, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун уюшмаларга кириш ҳуқуқи ўрнатилди.

Шунингдек, 2005 йил 20 октябрида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Париждаги конференциясида «Маданий ифодаларнинг хилма-хиллигини ҳимоя қилиш ва таъминлаш тўғрисида» конвенция қабул қилинди. Конвенциянинг мақсади:

  • маданий ифодаларнинг хилма-хиллигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш;
  • турли маданиятларнинг ўзаро манфаатли асосда гуллаб-яшнаши ва эркин ўзаро таъсири учун шароит яратиш;
  • маданиятларнинг ўзаро ҳурмати ва тинчлик маданияти учун бутун дунё бўйлаб кенгроқ, мувозанатли маданий алмашинувини таъминлаш мақсадида маданиятлар ўртасидаги мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорликни рағбатлантириш ҳисобланади.

Чунончи, ҳужжатнинг 6-бандида маданий хилма-хиллик одамлар ва жамиятлар учун қимматли бойлик экани, маданий хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати учун барқарор ривожланишнинг энг муҳим талабларидан бири экани таъкидланган.

Плюрализм ва Ўзбекистон

Маълумки, Ўзбекистон ўтган асрнинг катта қисмида қарам сифатида собиқ СССР таркибида бўлган. Совет давлатида тоталитар тузум ҳукм сургани сабабли, табиийки, ҳукмрон коммунистик мафкура мавжуд эди, холос. Шунга кўра, Ўзбекистонда плюрализмнинг вужудга келиши мустақиллик даврларига тўғри келади. Ўзбекистон Конституциясининг 12-моддасида «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», деган норма ўрнатилган. Шунингдек, Конституциянинг 31-моддасида эътиқод эркинлиги ҳам акс эттирилган. Яъни ҳам сиёсий, ҳам маданий, ҳам диний плюрализм ижтимоий ҳаётда мавжуд бўлиб келмоқда. Сиёсий институтлар хилма-хиллигининг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистонда кўппартиявийлик вужудга келди. Нодавлат ташкилотлар шаклланиб, улар ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлди. Ҳозирги кунда 5 та сиёсий партия ва 10 мингдан зиёд нодавлат-нотижорат ташкилот фаолият юритиб келмоқда. Aлбатта, бунда сиёсий плюрализмнинг соф, идеалдаги кўриниши кузатилмаслиги мумкин. Масалан, диний ташкилотлар Ўзбекистон сиёсий жараёнларида иштирок этмайди. «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, диний руҳдаги партияларни тузиш тақиқланади.

Маданий ва диний хилма-хилликнинг асосларидан бири сифатида Ўзбекистонда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ҳақидаги конституциявий тамойил майдонга чиқади. Хусусан, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади, таълим 7 та тилда олиб борилмоқда. Маданий хилма-хилликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда Республика байналмилал маданият маркази муҳим ўринга эга. Марказ томонидан бугунги кунда 140 га яқин турли маданий марказлар фаолияти мувофиқлаштирилади. 16 та диний конфессия юртимизда фаолият олиб бораётгани эса диний плюрализмни ўзида акс эттиради. Давлатда бирор бир диннинг якка ҳукмронлиги ўрнатилмаган. Ҳар бир фуқаро ўзининг эътиқодидан келиб чиқиб, ўзи хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, мавжуд диний қарашлар вакиллари, барча динлар вакиллари ўртасида дўстона алоқалар кузатилади.

Хулоса: плюрализм бизга нима учун зарур?

Хулоса қиладиган бўлсак, жамиятдаги хилма-хиллик мавжуд ҳақиқатдир. Барчамиз фикрлари, қарашлари, ғоялари бир-биридан фарқланадиган миллионлаб инсон бор бўлган дунёда яшаймиз. Бундай жамият ривожини таъминловчи асосий восита баҳс-мунозаралардир, ҳақиқат айнан баҳсларда туғилади. Мунозара бўлиши учун хилма-хиллик зарур. Бунда жамият хилма-хилликка қандай муносабатда бўлиши – танлов. Плюрализм эса хилма-хилликка нисбатан ижобий жавобдир. Плюрализм ҳар бир жамиятда турли ўзига хослик ва қарашларга эга бўлган одамлар биргаликда умумий манфаатда яшаш йўлларини топишини талаб этади. Бинобарин, плюрализмнинг асосий натижаси ҳам рақобатдош қарашлар ўртасидаги мувозанатни топишдир. Aйниқса, дунё бўйлаб жамиятлардаги адолатсизлик ва тенгсизликка ечим топиш долзарб бўлган ҳозирги кунда хилма-хилликни ҳурмат қилиш, уни табиий қабул қилиш орқали адолат, тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида илк қадамларни босиш мумкин.

Фото: «AIER»

Фикрлар хилма-хиллиги ҳамма соҳада фойдалидир. Aйниқса, турли фикрлилик парламент фаолиятида муҳим роль ўйнайди. Унинг натижасида мукаммал қарорлар қабул қилинади, хато ва камчиликларга йўл қўйилмайди. Ҳукмрон мафкуранинг ўрнатилиши ва қолган ғояларнинг бўғилиши давлат ва жамиятни қандай оқибатга солиши бизга Гитлер Германияси ёки собиқ СССР орқали яхшигина маълум. Шунинг учун ҳозирда дунёнинг деярли барча демократик мамлакатларида ҳамма жабҳада плюрализмнинг таъминланишига аҳамият берилади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда кузатилган баҳсларга, аввало, демократиянинг табиий кўриниши, плюрализмнинг ифодаси деб қараш лозим. Жамиятда турли хил фикр ва дунёқарашга эга шахсларнинг мавжуд бўлиши нормал ҳолат, бунда ўзаро муносабатларда тинчлик, дўстоналик ва, муҳими, қонун бузилмаса бўлгани. Давлатнинг мазкур жараёндаги роли эса плюрализмни ҳимоя қилиш, уни барча соҳада рағбатлантириш, амалдаги қонунларга зид бўлмаган ҳар қандай ғоянинг яшаши ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишига шарт-шароит яратишдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ.