Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 5 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га ёрдам сўраб мурожаат қилиши фонида мамлакатга келган икки мингдан ортиқ тинчликпарвар кучлар ўз миссиясини тугатиб, Қозоғистондан чиқиб кетишни бошлади.

Фото: «Tengrinews»

Мамлакатга КХШТ тинчликпарвар қуролли кучларини жойлаштириш 7 январдан 9 январгача бўлиб ўтган, Қозоғистонга Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистондан 2000 дан ортиқ тинчликпарвар аскар ва 250 та техника етиб келган. Россиядан ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари эса тинчликпарвар контингент таркибига киритилган. Қозоғистондаги КХШТ кучлари таркибидаги Беларусь қўшинлари мамлакатдаги ҳарбий аэродромни қўриқлаган, қирғизистонлик ҳарбийлар эса Олмаота шаҳридаги муҳим стратегик объект бўлган иссиқлик ва электр станциясини назорат қилган. Россия Мудофаа вазирлиги россиялик десантчилари Қозоғистондаги муҳим объектларни қўриқлаганини қайд этган. Олмаота ва Нур-Султонда ҳарбий миссия ўтаган КХШТ кучларининг вазифаси энг муҳим стратегик объектларни қўриқлаш ва кўчаларда ҳуқуқ ва тартибни сақлашга ёрдам бериш бўлган.

Умумий ҳисобда Қозоғистондаги миссияда Беларусдан 500 тинчликпарвар, Қирғизистон ва Арманистондан мос равишда 150 ва 100 нафар ҳарбий хизматчи, Тожикистондан эса 200 нафар тинчликпарвар аскар қатнашган.

Қозоғистон президенти 12 январь, чоршанба куни Олмаотада тезкор штаб йиғилиши ўтказиб, 13 январдан КХШТ тинчликпарвар контингентини уюшган ҳолда олиб чиқиши бошланишини айтган. Тўқаев контингент қўмондонлигига мамлакатда оширилган ишлар учун ўз миннатдорчилигини билдирган. У террорчилар ва бандитларнинг тажовузини қайтариш учун тинчликпарвар кучларнинг киритилиши катта психологик аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. «Миссия жуда муваффақиятли баҳоланди. Мен ҳамкасбларим — давлат раҳбарларига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деган Қозоғистон президенти.

Шунингдек, у 13 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилган. Ўз навбатида, КХШТ мудофаа вазирлари шу куни видеоконференцалоқа орқали навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, тинчликпарвар кучларни Қозоғистондан қайтариш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Қарор доирасида Қирғизистон қуролли кучларининг тинчликпарвар ҳарбий контингенти 14 январь куни Олмаотадан Қирғизистонга етиб келади. КХШТ кучларининг биринчи рус парашютчилари 13 январ куни ўз ватанларига учиб кетган. Арманистон, Тожикистон, Беларусь қўшинлари Россия қўшинлари томонидан 14 январда олиб чиқилади, Қирғизистондан тинчликпарвар кучлар Қозоғистонни ўз кучи билан тарк этади. КХШТ кучларини ўз мамлакатларига қайтариш ишлари 19 январь куни якунланади.