Наманганда 16 ёшли ўқувчи масжидда ўғрилик қилди
У 2 миллион 500 минг сўмлик телефон ўғирлаган
Наманганда 9 январда 16 ёшли мактаб ўқувчиси масжидда ўғрилик қилгани айтилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шаҳар ҳудудида жойлашган жоме масжидига намоз ўқишга келгани ва номаълум шахс курткасининг чўнтагидан 2 миллион 500 минг сўмлик телефонини ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Таъкидланишича, шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ вакили ва ҲПМБ профилактика инспектори олиб борган тезкор қидирув ҳаракати натижасида жиноятни 2006 йилда туғилган 9-синф ўқувчиси содир этгани аниқланган ва ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 3 мингга яқин ўқувчи сабабсиз дарс қолдиргани аниқланганди.