Олимлар Эфиопиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Омо-Кибиш тузилмасидан бўлган қадимий одам қолдиқлари ёшини қайта ҳисоблаб чиқди. Бу ҳақда «Nature» хабар берди.

Фото: «Periskopi»

Маълум қилинишича, қолдиқлар ёши илгари ўйлангандек 197 минг йил эмас, балки 233 минг йил экани аниқланган. Ҳозирда бу Homo sapiens’нинг дунёдаги энг қадимги топилмаси ҳисобланади. Африкада анатомик жиҳатдан замонавий одамларнинг қолдиқлари топилган саккизта жой мавжуд бўлиб, улар ўрта плейстоцен даврига тўғри келади. Ушбу топилмаларнинг ёши шартли равишда 350 дан 130 минг йил олдин деб қаралади. Бу инсон эволюциясининг кўпгина моделларига мос келиб, Homo sapiens тахминан 350 мингдан 200 минг йил олдин энг яқин аждодларидан келиб чиққан ва бўлганини кўрсатади.

Қайд этилишича, Omo I қолдиқлари 1960 йилларнинг охирида Эфиопиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Омо-Кибиш тузилмасидан топилган. Ушбу минтақа ўрта плейстоценда юқори вулқон фаоллиги билан ажралиб турган. Кембриж университети профессори Клайв Оппенгеймер бошчилигида олимлар тўрт йил давомида Эфиопияда ўрта плейстоценнинг охирида содир бўлган барча вулқон отилиши ҳақида маълумотлар тўплаган, бунда нафақат вулқон жинсларининг ёши, балки вулқон жинсларининг геокимёвий хусусиятларига ҳам эътибор қаратилган.

«Қолдиқлар вулқон кулининг қалин қатлами остида топилган, ҳеч ким радиометрик усуллар ёрдамида уни аниқлай олмаган. Омо қолдиқлари 200 минг йилдан камроқ вақтни ташкил этади, аммо бу сана атрофида жуда кўп ноаниқликлар мавжуд», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Селин Видаль.

Аввалроқ олимлар қирилиб кетган йиртқич денгиз ҳайвонининг улкан скелетини топгани ва Туркияда 3600 йил аввал цунамидан ўлган илк одам скелети аниқлангани маълум қилинган.