«Омикрон» штами билан касалланган одам бир вақтнинг ўзида 100 тагача одамга касаллакни юқтириши мумкин. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «The Star»

Келтирилишича, мазкур фикр россиялик иммунолог Владимир Болибок томонидан берилган. У бир вақтнинг ўзида 100 га яқин одамга коронавируснинг янги штамини юқтириш учун битта аксириш ёки йўтал етарли ҳисобланишини айтган. Шифокорнинг қўшимча қилишича, вирус ҳаводаги томчилар орқали жуда тез тарқалади.

«Менимча, ҳатто гапириш, оддий нафас олиш ва эснаш орқали одамга етарлича вирус юқтириш мумкин. Агар кимдир йўталса ёки аксирса, бу миқдор юз нафар одамга кифоя қилади. Бизда шу пайтгача бундай юқумли касаллик бўлмаган. Қизамиқ энг юқумли касаллик ҳисобланган, аммо бу борада ‘омикронʼ ошиб кетди», — дейди Болибок.

Шифокор, шунингдек, «омикрон» айниқса болалар учун хавфли эканини қўшимча қилган. Унинг фикрича, шу сабабли келажакда соғлиқни сақлаш тизими муаммоларга дуч келиши мумкин, бу эса беморларнинг керакли ёрдам олишига тўсқинлик қилади. Иммунолог янги штамм билан инфекциядан кейин инкубация даври қисқаргани ҳақида ҳам огоҳлантирган. «Энди симптомлар инфекциядан 3–4 кун ўтгач пайдо бўлади. Бу тўғридан-тўғри ‘омикрон’нинг тарқалиш тезлигига боғлиқ», — деб ҳисоблайди мутахассис.

Аввалроқ «омикрон» ковиднинг бошқа турларидан қандай фарқланиши ва нима учун айрим одамлар коронавирусдан даволангач вафот этиши ҳақида хабар берилган.