Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 60 фоизга қисқартирди
Муаммо тез кунда ҳал бўлиши маълум қилинган
Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси 12 январь, чоршанба куни Ўзбекистон электр энергияси импортини улар билан ҳеч қандай келишувсиз 60 фоизга камайтиргани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда «Hasht у Subh» хабар берди.

DABS Ўзбекистон расмийларига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, пасайишга мамлакатдаги «Толимаржон» подстанциясидаги техник носозлик сабаб бўлган. Муаммо икки–уч кун ичида ҳал қилиниши қайд этилган. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан электр таъминотидаги узилишлар туфайли 16 вилоятда электр энергиясида муаммо юзага келган.
Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишнинг асосий сабаби ҳозирча номаълум бўлса-да, «Толибон» мудофаа вазири мамлакатдан Афғонистон вертолётларини қайтариш ҳақида огоҳлантирганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришни вақтинча қисқартиргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг Энергетика вазирлиги Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тўлиқ тикланганини маълум қилди. Шунингдек, «Толибон» Ўзбекистондан 2022 йил учун қанча электр энергияси сотиб олгани очиқланганди.