Ўзбекистонда 2021 йилда репетиторлик нархлари ошгани айтилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?
Бунга ойдинлик киритиш мақсадида Bugun.uz республикадаги баъзи ўқув марказларига мурожаат қилди
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг декабрь ойида репетиторлик нархлари 2021 йилнинг ноябрь ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача 0,8 фоизга ошган. Репетиторлик нархлари 2021 йил давомида ўртача 11,6 фоизга ошгани кузатилган. Хўш, бунга сабаб нима? Талабнинг кўпайганлигими, ўқув марказларининг сифат даражаси ошганлигими ёки солиқ нархининг кўтарилганлигими? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида «Bugun.uz» республикадаги баъзи ўқув марказларига мурожаат қилди.

Бунинг учун, аввало, нодавлат таълим муассасалари, шу билан бирга, шахсий репетиторлик фаолиятига солинадиган солиқ турлари ва уларнинг ўсиш динамикасига эътибор қаратиш лозим. Хусусан, шахсий репетиторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўзини ўзи банд қилувчи тадбиркорлик фаолияти сифатида таснифланган.
Шунга биноан улар БҲМнинг 50 фоизи миқдорида солиқ тўлаши кўрсатиб ўтилган. Шунда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича БҲМ миқдори 223 000 минг сўмни ташкил этган ва унинг 50 фоиз миқдори 111 500 сўмни ташкил этган, айни дамда БҲМ миқдори 270 000 сўмни ташкил этмоқда ва унинг 50 фоиз қисми 135 000 сўмни ташкил этади. Бу омил ҳам нарх ўзгаришига табиий таъсир этувчи восита сифатида қайд этилиши мумкин. Шу билан бирга, йиллик инфляция миқдори (9,98 фоиз)нинг ҳам нархга таъсири бор дея айтишимиз мумкин.
Лекин бугун Ўзбекистонда жуда кўплаб хусусий НТМ (нодавлат таълим муассасалари) фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолиятининг асосий вазифаларидан бири сифатида репетиторликни ҳам қайд этиш мумкин. 2020 йилда уларга фойда солиғи учун берилган имтиёз муддати ҳам тугаган. Қўшимча тариқасида, НТМ (нодавлат таълим муассасалари) пандемия даврида даромад солиғининг маълум бир қисмидан озод этилганлигини айтишимиз мумкин. Ҳозирда эса бундай имтиёз йўқ, яъни даромад солиғи тўланади, аммо «темир дафтар»даги ўқувчиларни ўқитса, янги техникалар сотиб олинса, солиқнинг маълум қисмидан озод қилинади.
Ушбу масала юзасидан қилинган ўрганиш натижаси шу бўлдики, аксарият ўқув марказларида нархлар ўзгартирилмаган. Нарх ўзгарган ўқув марказлари эса нархларнинг кўтарилганлигига сабаб сифатида, солиқларнинг ошганлиги, ўқув қўлланма ва ёрдамчи материаллар тайёрлаш таннархининг ортиши, ижара миқдорининг ортиши кабиларни айтишди (асосан тил курсларида). Репетиторлик фаолиятида қўйилган нарх хусусида олиб борган сўровимиз натижасида энг чекка ҳудудларда ойлик тўлов миқдори 30–50 минг сўмдан бошланади (якка тартибдаги). Энг юқори миқдор эса асосан тил курсларида бўлиб, улар ўртача 300–600 минг атрофида ўз нархномаларини беришган.
Сўровномалар асосида йиллик кўрсаткични таҳлил қиладиган бўлсак, 580 минг сўмлик курс ҳозирда 630 минг сўм ёки 640 минг сўмлик — 690минг сўм (8% )га ошган. Маълумот ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, махсус фанларга асосланган ўқув курслари, асосан, август–сентябрь ойи бошидан янгиланган курс нархларини эълон қилиб боради ва ўқув йилига қадар кўпинча ўзгартирилмайди.
Ҳозирги кунга келиб ўқув курсларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда, бунинг асосий сабаби битирувчи ўқувчилар ва олдинги йилларда ўқишга кира олмаган абитуриентлар кўламининг ортиши, ўрта махсус (профессионал таълим ҳам) таълим даражаси билан эгалланадиган лавозимлар сони ва даражаси чекланганлиги ОТМга бўлган талабни орттиради. Табиийки, бу соҳага бўлган қизиқиш ортишига сабаб бўлади.
Келгуси йилларда бу масала ечими сифатида профессионал ва ўрта махсус таълим даргоҳларига қизиқишни орттириш орқали эришиш мақсад қилинган. Хусусан, ҳукумат қарори (17-сон, 11.01.2022 й.) билан техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом фикримиз исботидир.
Хорижда бу борада вазият қандай?
Баъзи манбаларда кўрсатилишича, Қозоғистонда нархлар ўтган йилга нисбатан ўзгармаган. Аммо ўқитувчиларнинг профессионаллигига ва абитуриентларнинг танлаган мутахассисликларига қараб нархлар кўтарилиши мумкин. Бу ерда репетитор хизматлари нархи соатига 25 минг сўмдан (1000 тенге) бошланиб, 125 минг сўмгача (5000 тенге). Россияда математика ўқитувчиси ойига тахминан 2 миллион 160 минг сўмдан (15 минг рубль) 8 миллион 600 минг сўмдан кўпроқ (60минг рубль), соатига эса тахминан 58 минг сўмдан (400 рубл) 215 минг сўмгача (1500 рубль) пул топади. Талабалар қанча кўп бўлса, даромад шунча юқори булади.