Шавкат Мирзиёевнинг 12 январда «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигига қаратилган рейтинг баҳолаш тизими жорий этилиб, баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикатор асосида амалга оширилади:

  • давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилгани ва амалиётга татбиқ этилгани;
  • коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилгани;
  • давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
  • ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилгани;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Таъкиланишича, тизим 2022 йил 1 февралдан бошлаб эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилоти фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилоти фаолиятига жорий этилиши маълум қилинган.

Шунингдек, баҳолаш «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилиши ҳамда тизим 0 балдан 100 балгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифага ажратилиши айтилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупция содир этган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилинмаслиги белгиланаётгани ва қайси вилоят мансабдорлари энг кўп коррупция содир этгани хабар қилинган.