АОКАда 13 январь куни бўлиб ўтган брифингда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров «Ёшлар дафтари» жамғармасини ташкил қиладиган маблағлар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туман (шаҳар)ларда молиявий манбалари аниқ белгиланган «Ёшлар дафтари» жамғармалари ташкил этилиб, маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми (15 фоиз) ва ижро ҳужжатларига оид ундирувлар ҳисобидан 382,8 миллиард сўм маблағ шакллантирилган.

Келтирилишича, йил бошида Давлат хавфсизлик хизмати, мутасадди вазирликлар ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда маҳаллабай шакллантирилган «ёшлар баланси» асосида 621 минг 709 нафар ёш «ёшлар дафтари»га киритилган. Шунингдек, 595 минг 970 нафар (96 фоиз) ёш бандлиги таъминланган ва 25 минг 739 нафар имконияти чекланган, тиббий ёрдамга муҳтож ёш доимий назоратга олинган.

Қайд этилишича, Президентнинг ёшларга ер ажратиш ташаббуси билан илк маротаба 424 минг нафар ёшга (шундан, 208 минг нафари «ёшлар дафтари»га киритилган) 127 минг гектар экин майдонлари ажратилиб, 681 мингга яқин иш ўринлари яратилган. Йил давомида 52 минг нафар ёш касб-ҳунар ва 140 минг нафар ёш эса тадбиркорликка ўқитилган.

Аввалроқ Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилиши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши хабар қилинганди.