Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида 13 январь кунги айрим давлат раҳбарларининг сўзларига муносабат билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Президент баёнотни асоссиз деб атаб, Ўзбекистон ҳар қандай таҳдидга жавоб қайтаришга эга эканини айтган.

«Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди.

Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз.

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь президенти Александр Лукашенко 10 январь куни КХШТ кенгаши йиғилишида ташкилот давлатлари Қозоғистондаги намойишлардан сабоқ олиши кераклигини айтиб, Ўзбекистон бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаганди.

Россия Фанлар академияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин унинг мазкур фикрига муносабат билдирди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондаги вазиятдан тубдан фарқ қилади, жумладан, мамлакат ҳудудида беқарорлик учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ.

Шунингдек, ушбу баёнот Ўзбекистон жамоатчилиги томонидан ҳам ёмон кутиб олинган. «Bugun.uz» ижтимоий тармоқ фаолларининг Лукашенконинг сўзларига билдирган реакцияларини тўплаб, мақола ва видео эълон қилган.