Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев утилизация йиғимини давлат ташкилоти тўплаши ҳақида таклиф билдирди. Шу пайтгача Қозоғистонда мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Алияга тегишли «Оператор РОП» хусусий компанияси йиғимларни ундириш билан шуғулланган, деб хабар бермоқда «РБК».

Фото: Facebook / Алия Назарбоева

Таъкидланишича, президент Тўқаевнинг республика парламенти мажлисидаги чиқишидан сўнг «Оператор РОП» компанияси ушбу таклифга қарши эмаслигини, ўтган давр мобайнида мамлакат қонунлари ва ўрнатилган тартибга қатъий риоя қилиб фаолият юритганини маълум қилган.

Мамлакат Экология вазири Сериккали Брекешевнинг хабар беришича, қозоғистонликлар томонидан беш йил давомида компанияга 691,8 миллиард тенге йиғим келиб тушган. Шундан 338,9 миллиард тенге маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларга қайтарилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш харажатлари 102 миллиард тенгени ташкил этган.

«Компания тўлаган солиқлар 49 миллиард тенге бўлиб, қолган 200 миллиард тенгедан ортиқ маблағ иккинчи даражали банкларда турибди», — дейди вазир Брекешев.

Нашр манбасининг хабар беришича, Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия билан ушбу компаниянинг алоқадорлиги бор. Буни Қозоғистон ОАВлари ҳам тасдиқлаган.

Мамлакатда газ нархи кўтарилиши баҳонасида 2 январь куни бошланган намойишлар фонида Назарбоев оиласига тегишли самолёт Қирғизистонга учиб кетгани хабар қилинганди. Кейинчалик оиланинг учоғи Бирлашган Араб Амирликлари томон учгани маълум бўлди.

Намойишнинг дастлабки кунлари Нурсултон Назарбоевнинг Халқ банкини (Халик-банк, JSC Halyk Bank) бошқарадиган қизи Динара Қулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоев жами 200 миллион доллар йўқотди. Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати, республика собиқ президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева оммага кўриниш бермади. Бунга Дариғанинг коронавирусга чалингани сабаб қилиб кўрсатилди.