Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳориж мамлакатларидаги ўзбекистонлик талабалар ўқишини имтиҳонсиз «перевод» қилиш ҳақида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Фото: «Liter.kz»

«Bugun.uz» мухбирига маълум қилинишича, бундай маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди, хозирда ўқишни кўчириш бўйича алоҳида имтиёзлар бериш кўзда тутилмаган. Вазирлик мутасаддиларининг таъкидлашича, фақат узрли сабаблар бўлган тақдирдагина ўқишни кўчириш мумкин.

Унга кўра, ҳозир талабалар узрли сабабларсиз ўқишини кўчира олмайди. Чунки Ўзбекистонда фуқаролар «перевод» бўйича умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Қозоғистондаги ҳолат ўқишни кўчиришда давлат томонидан имтиёз берилишига сабаб бўлмаслиги таъкидланди.

Маълумот учун 2021/2022 ўқув йилида узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризалар  ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан 2022 йилнинг 20 январь кунига қадар (шу куни ҳам) соат 09:00 дан 17:00 гача кўриб чиқилиши белгиланган.

Қуйида узрли сабаблар орқали муддатидан олдин ўқишни кўчириш ҳолатлари ёзилган:

  • республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчганда;
  • турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
  • ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда;
  • хорижий ОТМдан ўқишни Ўзбекистонга «перевод» қилишнинг ўтиш бали  66,1 этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда таҳсил оладиган ўзбек талабаларининг 35 нафари Ўзбекистонга эвакуация қилинган эди.

«Ўтган ҳафтада кўплаб ўзбекистонликлар қўшни Қозоғистондаги воқеаларни хавотир билан кузатди. Баъзилар эса ўша пайтда бу мамлакатда бўлган яқинларининг ҳаётидан қўрқди. Улар орасида Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари ҳам бор эди. Шу кунларда ота-оналар фарзандларининг тақдиридан хавотирда эди. Лекин Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий сиёсати, республика фуқароларига кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли фарзандларимиз бир-икки соатдан кейин Тошкентда бўлади. Айни дамда ушбу университетнинг барча талабалари самолётда учиб келмоқда, улар Тошкент юридик университетига олиб келинади, талабаларни у ерда ота-оналар кутиб олади», — деган университет талабалари ота-оналар қўмитаси раиси Тўра Тўраев.

Қозоғистонда 2 январь куни суюлтирилган газ нархининг ошишига қарши бошланган тартибсизликлар, бутун мамлакатга тарқалди, шундан сўнг зудлик билан Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу вазият  мамлакатда таълим оладиган хориж фуқаролари учун ҳам таҳликали бўлди.