Россияда қонуний хорижлик меҳнат муҳожирларининг 82 фоиздан ортиғи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳисобланади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Regnum»

Келтирилишича, Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова бу бўйича маълумот берган. У МДҲ давлатлари анъанавий тарзда иқтисодий, ижтимоий-маданий ва тарихий алоқаларга асосланиб, «Россия учун хорижий ишчи кучи етказиб бераётган донор-давлатлари» эканини айтган.

Шунингдек, у Ички ишлар вазирлиги Россияда чет элликлар устидан назорат тизимини такомиллаштириш доирасида мигрантларни қўпол маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жамоат тартибига тажовуз қилгани учун мамлакатдан чиқариб юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш керак бўлади.

Аввалроқ Россияда мигрантларга ёрдам берадиган янги портал ишга тушганди. Шунингдек, мамлакатда мигрантларга алоқадор жиноятлар камайгани маълум бўлган.