Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Ўзбекистон мудофаасини бошқариш миллий марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Мудофаа вазирлигида барпо этилган ушбу марказ қўшинлар бошқарувининг энг замонавий шаклларини мужассам этган, барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боришга ихтисослашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мажмуа юқори технологик имкониятлари билан мамлакат ҳаво сарҳадларини, ўқув муассасалари ва полигонлардаги машғулотлар жараёнини реал вақтда кузатиш, бўлинмаларнинг ҳаракатини транк алоқа орқали назорат қилишни таъминлайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда ҳарбий-маъмурий секторларнинг иштироки, қўшинларнинг кундалик ва жанговар фаолияти бўйича маълумотлар тўпланиб, тизимли мониторинг олиб борилади.

Президент ушбу марказда яратилган шароитлар ва техник имкониятлар билан танишди. Мутасаддиларга унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш, мудофаа тизимига тезлик билан интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу марказ мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлигини таъминлашда таянч тузилмага айланиши зарур. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда марказ учун дастурий-аппарат мажмуасини ишлаб чиқиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Айни пайтда бу ерда Ўзбекистон Президенти раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши давом этмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бошлангани ҳақида хабар берилганди.