Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг 13 январь куни телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, суҳбатда давлат раҳбарлари Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган. Олий даражада ўтган учрашувда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланган.

Турли даражалардаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаоллашган. 2021 йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 33 фоизга ошган. Ҳудудлараро йўналишда, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлар фаол ривожланмоқда.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар ўтказиш муҳим эканини қайд этган. Шунингдек, яқинда Қозоғистонда рўй берган воқеалар нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Қозоғистон раҳбарияти томонидан ушбу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш, вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланган.

Аввалроқ Путин Шавкат Мирзиёевни Янги йил билан табриклагани ҳақида хабар берилганди.