Шавкат Мирзиёев айни вақтда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент томонидан Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарадорлигини таҳлилий кўриб чиқиш ва келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш анъанага айланган.

«Ушбу мажлис улуғ сана — Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги арафасида ўтказилмоқда», — деди давлат раҳбари ҳамда Қуролли кучлар сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар ва соҳа фахрийларини байрам билан табриклади.

Шундан сўнг Президент Қуролли кучларнинг шаклланиши ва ислоҳ қилиниши ҳақида фикр билдирди.

«Албатта, Қуролли кучларимизнинг шаклланиш жараёни дунёда ва минтақамизда мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият ҳукм сурган даврга тўғри келди. Ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир бўлган, ҳар томонлама замонавий қуролланган, қудратли армиямиз шаклланмоқда.

Биз 2016 йилда Қуролли кучларимиз фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда ҳарбий қурилишнинг барча йўналишлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилдик. Ва беш йиллик истиқболга мўлжалланган, кечиктириб бўлмайдиган комплекс чораларни кўрдик.

Аниқ мақсадга қаратилган ана шундай ишлар натижасида армиямиз қиёфаси ҳам, ҳарбий хизматнинг маъно-мазмуни ҳам тубдан ўзгармоқда. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлик даражаси кескин ошмоқда», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қуролли кучлар ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкентда ҳарбий парад бўлиб ўтгани ва «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказида пресс-тур ташкил этилгани хабар қилинганди.