Мудофаани бошқариш миллий марказида 13 январь куни Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларнинг қўмондонлик таркиби, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган. Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида бундай йиғилиш ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу йил эса Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 30 йиллиги нишонланмоқда. Давлат раҳбари мажлис аввалида ушбу қутлуғ байрам билан барча ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини табриклаган.

Йиғилишда Қуролли Кучлар тизими ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2021 йилги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгиланган.

Таъкидланишича, охирги беш йилда ҳарбий қурилишнинг барча йўналишларида амалга оширилган комплекс чоралар натижасида миллий армиянинг қиёфаси ҳам, қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ҳам ўзгарган. Ҳарбий қисм ва полигонлардаги инфратузилма, аскар ва офицерларнинг шароитлари яхшиланган. 2021 йилда халқаро армия ўйинларида ҳарбийлар фахрли иккинчи ўринни эгаллагани ҳам соҳадаги ривожланиш натижасидир.

«Бу ишлар изчил давом эттирилиб, жанговар бўлинмалар имкониятлари кенгайтирилмоқда. Давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизими амалиётга жорий қилинмоқда. Давлат раҳбари йиғилишда аввало кадрлар тайёрлаш, илғор услубларни оммалаштириш масалаларига эътибор қаратди. Ҳарбий ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, Қуролли Кучлар Академиясини ҳарбий илм-фан даргоҳига айлантириш зарурлиги таъкидланди. Яқинда иш бошлаган Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтини ҳарбий таълим ва илмий фаолият тизимига самарали интеграция қилиш топшириғи берилди», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Қуролли Кучларни замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжудларини модернизация қилиш ҳам ҳарбий қурилиш соҳасидаги энг устувор вазифалардан бўлиб қолади. Ушбу мақсадлар ва замонавий таҳдидлар хусусиятидан келиб чиқиб, 2022-2026 йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича концептуал дастур қабул қилиш вазифаси қўйилган. Қуролли Кучлар Бош штаби фаолиятини сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.

«Жаҳон ахборот маконида кескин кураш кетаётган ҳозирги вазиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг психологик тайёргарлиги ва жанговар руҳини мустаҳкамлаш долзарблиги таъкидланди. Қўмондонлик таркиби замонавий операцияларни режалаштириш, қўшинларни оқилона бошқариш, мавжуд куч ва воситаларни самарали қўллаш бўйича малакасини ошириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Раҳбарлик ва қўмондонлик лавозимларига истиқболли кадрлар захирасини яратиш, уларни бу лавозимларга босқичма-босқич тайёрлаш ҳамда танлов асосида тайинлаш муҳимлиги қайд этилди.  Жанговар ҳаракатлар динамикаси ошиб бораётган ва янги усуллар пайдо бўлаётган ҳозирги шароитда муваффақият, кўп жиҳатдан, командир-сержант бошқарадиган кичик бўлинмалар ҳаракатига боғлиқ. Шу боис Қуролли Кучлар учун сержант-йўриқчиларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди», дейилади хабарда.

«Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш бугун ҳам, келажакда ҳам энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Чунки фақатгина тинчлик-осойишталик мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишининг асосий кафолатидир. Янги – 2022 йил ҳамма соҳада, жумладан, Қуролли Кучлар тизимида ҳам ҳал қилувчи йил бўлиши шарт», — дейди Президент.

Йиғилишда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари сўзга чиқди. Мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирганди. Шунингдек, давлат раҳбари Александр Лукашенконинг сўзларига муносабат билдиргани хабар берилганди.