«Annals of Behavioral Medicine» журналида чоп этилган янги тадқиқот пандемиянинг бошида кўпроқ психологик стресс инсоннинг коронавирус билан касалланиш хавфини оширганини аниқлади. Бу ҳақда «Медик Форум» хабар берди.

Фото: «The Portland Clinic»

Маълум қилинишича, беморларда кўплаб симптомлар кузатилиб, касалликнинг кечиши оғир бўлган. Британиянинг Ноттингем университети тиббиёт факультети профессори Кавита Ведхара олиб борган тадқиқотда стресс ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби психологик омиллар вирусли респираторли инфекцияларга нисбатан сезгирликнинг ошиши ва янада оғирроқ бўлиши билан боғлиқ экани аниқланган.

Таъкидланишича, мутахассислар гуруҳи 2020 йил апрель ойида 1100 га яқин катталар иштирокида кузатув тадқиқотини ўтказган. Улар COVID-19 билан касалланиш ҳолати ва пандемия давридаги аломатлар ҳақида хабар берган. Натижалар шуни кўрсатдики, руҳий стрессни бошдан кечирганлар орасида ковид инфекцияси ва аломатлари кўпроқ учрайди.

Аввалроқ коронавирусни юқтириш хавфини оширадиган кундалик фаолиятлар номланганди. Шунингдек, оила аъзоларнинг бир-бирига коронавирус юқтирмаслик йўли айтилган.