Тошкент шаҳрида «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатгани ҳамда ҳолат юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди. Ички ишлар вазирлиги иш бўйича терговдан видео эълон қилди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, пойтахтда яшовчи йигит янгийўллик танишига 470 минг сўм эвазига қўлбола усулда портлатиш учун ўт ўчириш мосламасини ясатган. Мазкур ҳодиса ортидан терговга жалб этиланганлардан бири воқеага қуйидагича изоҳ берган:

«‘Огнетушитель’ ясаш ҳақида видео кўрган эдим. Танишимга 470 минг сўм эвазига ясаттирдим. Бу даражада бўлади деб ўйламагандим. Ҳалигача у бола кўз олдимдан кетмаяпти», — дейди у.

Қайд этилишича, жабрланган 10-синф ўқувчисида реплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган.

«Операция узоқ давом этди. Ота-оналарга фарзандларига пиротехника воситаларини олиб бермасликни маслаҳат бераман. Иложи борича уларни тергаб, кечки пайт кўчага чиқармасликни сўрайман», — дейди жабрланувчининг онаси.

Ҳолат юзасидан 13 кишига айблов эълон қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) билан ушланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлгани ҳамда ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот берилганди.