Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу Хитойга 12 январда қилган ташрифида хитойлик ҳамкасби Ван Ига Анқаранинг уйғурлар билан боғлиқ вазият бўйича қарашлари ва тахминларини етказганини айтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Pacific Standard»

Маълум қилинишича, учрашувда томонлар ўртасидаги муносабатлар ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинган. «Иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини баҳоладик. Кун тартибимиздаги масалалар, айниқса, уйғурлар бўйича бўлди, уларга қарашларимиз ва нима кутаётганимизни билдирдим», — деган туркиялик дипломат.

Таъкидланишича, Чавушўғлу, шунингдек, Хитойга икки давлат ўртасида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилган. Ван И 2021 йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш сезиларли даражада ошганини, бу «савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг катта салоҳиятидан далолат» эканини эслатган. Хитой дипломати Чавушўғлуга Туркияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Хитойга етказиб беришни кўпайтиришни ҳам таклиф қилган.

Шинжон-Уйғур автоном райони Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, бу ерда уйғурлар истиқомат қилади, уларнинг аксарияти мусулмонлардир. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакиллари 2018 йил август ойида Шинжондаги «тузатиш лагерларида» бир миллионга яқин уйғур ноқонуний равишда ҳибсга олиниши мумкинлиги тўғрисида «объектив маълумотлар» олганини билдирган.

Аввалроқ АҚШ Хитой расмийларини уйғурларга қилинган геноцидда айблаганди. Шунингдек, Эрдўғон Европани мусулмонлар учун очиқ қамоқхона деб атаганди.