Украина Мудофаа вазирлиги 2021 йили америкаликлардан олинган техникаларнинг аниқ сони ва турларини ошкор қилди. Бу ҳақда «АрміяInform» хабар берди.

Фото: «АрміяInform»

Маълум қилинишича, Украина армиясига зирҳли машиналар, тез ёрдам машиналари, ўқ-дорилар, қайиқлар, зирҳлар ва шу каби 450 миллион долларлик бошқа ёрдам кўрсатилган. АҚШдан, асосан, 20 та «Spark» ғилдиракли миналарга қарши трейлер, 55 та «HMMWV» зирҳли транспорт воситаси ва 30 та «Javelin» танкка қарши тизими (жами 180 та шундай тизим олинган), улар учун ракеталар олинган.

Рўйхатда, шунингдек, Байден маъмурияти томонидан Россиядан ҳарбий таҳдидга жавобан ташкил этилган қўшимча техника учун 200 миллион долларлик ёрдам ҳам бор.

Фото: «ukrmilitary.com»

Таъкидланишича, мазкур ёрдамга АҚШ Конгресси томонидан 2014 йилда Украинада эркинликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қабул қилинган акт сабаб бўлган. 2017 йилгача жўнатмалар қуроллар билан чекланган, кейин эса АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 2018 йилда «Barrett M107A1» снайпер милтиқларини жўнатишга рухсат берган.

Украина Қуролли кучларига 2019 йил бошида 39 миллион долларлик «Javelin» танкка қарши ракета тизимларини етказиб бериш бўйича келишиб олинган. Шу тариқа, 540 дан ортиқ шундай ракеталар юборилган. 2021 йил ноябрь ойида «Stinger» комплекслари Украина қўшинлари томонидан биринчи марта Донбассдаги жангларда қўлланилган.

Ҳарбий ёрдам ҳажми ва кўлами ўсишда давом этмоқда. Ҳозирда Байден маъмурияти украиналикларни «Javelin» портатив зенит тизимлари билан таъминлаш имкониятини муҳокама қилмоқда. 2021 йил декабрида Украинага Америка қуролларини етказиб бериш тўхтатилганди. Журналистларнинг сўзларига кўра, бу Россия ва NATO’га аъзо давлатлар раҳбарияти ўртасида режалаштирилган музокаралар бошланиши муносабати билан содир бўлган.

Аввалроқ Россия қўшинлари Украина билан чегарага қандай жойлаштирилгани кўрсатилган харита эълон қилинганди. Шунингдек, Россия Украина билан чегарага қанча ҳарбий жойлаштиргани очиқланган.