«Uzbekistan Airways» Қозоғистон шаҳарларига қатновларни тиклайди
Парвозлар 15 январдан бошланади
«Uzbekistan Airways» 15 январдан Олмаота, Оқтўбе ва Оқтов шаҳарларига мунтазам қатновларни тиклайди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 15 январдан бошлаб қуйидаги йўналишлар бўйича мунтазам авиақатновлар қайта йўлга қўйилади.
- Тошкент–Олмаота–Тошкент;
- Самарқанд–Олмаота–Самарқанд;
- Нукус–Оқтўбе–Нукус;
- Урганч–Оқтов–Урганч;
- Нукус–Оқтов–Нукус.
Олмаота халқаро аэропорти халқаро қатновларни соат 08:00 дан 21:00 гача (Олмаота вақти билан) қабул қилади. Шу муносабат билан Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича HY-765/766 қатнови 16 январь куни бекор қилинади. Мазкур парвоз йўловчилари 17 январь куни Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича HY -763/764 авиақатнови орқали манзилга етказилади.
Аввалроқ Ўзбекистондан Қозоғистонга амалга оширилиши керак бўлган авиарейс бекор қилингани ҳақида хабар берилганди. Бунга Оқтов аэропорти халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни тўхтатгани сабаб бўлган.
Шунингдек, Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилгани хабар қилинган. Улар «Uzbekistan Airways» компаниясининг навбатдаги рейслари орқали ватанга қайтарилиши кўзда тутилган.