Афғонистоннинг шимолий Фарёб вилоятида 13 январь куни юзлаб одамлар кўчага чиқиб, Мудофаа вазирлиги томонидан ҳибсга олинган «Толибон»нинг таниқли ўзбек қўмондони Махдум Аламни озод қилишни сўради. Бу ҳақда «Khaama Press» хабар берди.

Фото: «Khaama Press»

Маълум қилинишича, Махдум Алам Мудофаа вазирлиги томонидан Балх вилоятида ҳибсга олинган. Фарёб шаҳрида тўпланган намойишчилар ўзбек қўмондони этник асосда ҳибсга олинганини айтган. Улар агар қўмондон Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан озод этилмаса, келажакда оммавий намойишлар бўлишидан огоҳлантирган.

Афғонистон ислом амирлиги ҳозирча бу масалага изоҳ бермаган. Ўз навбатида, «Толибон» матбуот котиби ўринбосари Билол Каримий Фарёбдаги намойишлар назоратга олганини ёзган. Таъкидланишича, намойишда иштирок этаётган ўзбек толиблар пуштун толибларга қарашли 12,7 миллиметрли пулемёт ва автоматни тортиб олган. Шунингдек, пуштун толиблари қуролсизлантирилиб, Фарёбдан олиб чиқилган. Қайд этилишича, пуштунларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарор ўзбек жамияти, вилоят ҳокими ва полиция бошлиғи ўртасидаги келишув асосида қабул қилинган.

Ҳозирда Махдум Аламни озод қилиш ҳақида хабарлар йўқ. Фарёб ўзбеклари агар бу амалга ошмаса, Кобулдаги «Толибон»га бўйсунишни тўхтатишини айтган.

Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақиргани ва «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан чегарадош вилоятга махсус кучларни жойлаштиргани хабар қилинган.