АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ироқ парламенти спикери Муҳаммад Ал-Халбусийни қайта лавозимига сайлангани билан табриклаганидан сўнг АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда «The Natioanal News» хабар берди.

Фото: «The Natioanal News»

АҚШ элчихонасининг маълум қилишича, Ироқ хавфсизлиги, суверенитети ва халқаро муносабатларига путур етказишга уринган террористик гуруҳлар тунда элчихонага ҳужум уюштирган.

«Биз узоқ вақтдан буён бундай қораланувчи ҳужумлар нафақат дипломатик муассасаларга, балки Ироқ суверенитетига ҳужум эканини айтиб келганмиз», деб ёзади АҚШ элчихонаси ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Хавфсизлик ходимининг сўзларида кўра, учта ракетанинг иккитаси уриб туширилган, учинчиси эса АҚШ элчихонаси яқинидаги Яшил зонадаги мактабга келиб тушган. Ҳужум оқибатида ўлим ҳолатлари қайд этилмаган, аммо бир аёл ва бола жароҳат олган.

Таъкидланишича, ракеталар жанубий Дора туманидан учирилган. Ироқ президенти Барҳам Солиҳ ҳужумни қоралаб, бу жиноятларга қарши қаттиқ туриш учун бирлашишга чақирган. «Дипломатик миссияларни нишонга олиш ва тинч аҳолини хавф остига қўйиш жиноий ва террористик ҳаракат бўлиб, Ироқ манфаатлари ва халқаро обрўсига дахл қилади», — деган жаноб Солиҳ Twitter’даги баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар 2021 йилги сайловлардан кейин янги ҳукуматни шакллантириш жараёнини кечиктиришга қаратилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ироқдаги Унами номи билан танилган махсус миссияси президентнинг баёнотини мустаҳкамлаб, «элчихоналарни нишонга олиш, ироқлик тинч аҳолига жароҳат етказиш мамлакатни беқарорлаштиришга қаратилган шафқатсиз уринишдир», — деган.

Қайд этилишича, ракета ҳужумлари АҚШ давлат котиби Блинкеннинг жаноб Ал-Халбусийга қилган табрик қўнғироғи ортидан содир бўлган.

Аввалроқ Ироқнинг «яшил ҳудуди»га 2 марта, шунингдек, Суриядаги АҚШ базасига 5 марта ракета зарбаси берилган.