18:55 | 14.01.22 419

«Бозор иқтисодиётига аралашмаслик керак» — солиқ имтиёзи ортидан туғилган муаммо ҳақида

Паррандачилик соҳаси вакиллари тез орада касод бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2021 йил 31 декабргача амал қилиши керак бўлган солиқ имтиёзлари 2022 йилнинг 1 апрелигача узайтирилиши таклиф этилди. Ушбу мазмундаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис депутатлари томонидан қабул қилинди. Қонун Сенатда маъқулланиб, Президент томонидан имзоланса, кучга кирган ҳисобланади. Имтиёз муддатини узайтиришнинг асосий сабаби бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва аҳолига арзон маҳсулотлар етказиб бериш эди. Аммо маҳаллий тадбиркорларнинг сўзларига кўра, бу имтиёзлар бозордаги нарх-навога таъсир қилмайди.

Гап шундаки, бир қанча маҳсулотлар қаторида товуқ гўшти маҳсулотларини сотиш ва импорт қилиш ҚҚС солиғидан озод қилинган эди. Бу ҳолат товуқ импортёрлари учун ижобий бўлди, аммо маҳаллий товуқ етиштириб, уни сотувчилар учун муаммога айланди. Чунки маҳаллий товуқ етиштирувчилар уни парвариш қилишда сотиб оладиган ем маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилмаган, шу туфайли ҚҚСдан озод этилган маҳсулот нархини ўзгартира олмайди. Табиийки, маҳаллий ишлаб чиқарувчи импорт товар сотувчилар билан нотенг рақобат муҳитида касод бўлиши арафасида.

«ҚҚС солиғининг олиб ташланиши — занжирнинг узилишига ва муаммо юзага келишига олиб келади. Ишлаб чиқарувчи хом ашёларни олиб келаётганда божхонага ҚҚСни тўлаб, ишлаб чиқаришига йўналтиради. Кейин у маҳсулотни ҚҚС билан сотиши керак. Маълумки, солиқни охирги истеъмолчи тўлайди. Агар бу солиқ олиб ташланса, занжир узилади. Шундан кейин бу оғирлик, табиийки, ишлаб чиқарувчи зиммасига тушади. Бу ҳолатда тадбиркор нархни туширмайди, балки қиммат қилишга мажбур бўлиши мумкин. Агар маҳсулот импорт қилинган бўлса, импортёрлар нархни тушириши мумкин, бунда маҳаллий ишлаб чиқариш ўлади ва импорт кучаяди», — дейди «Афросиёб парранда» МЧЖ раҳбари Шоҳрух Фузайлов.

Импорт товуқ маҳсулотлари арзон, аммо маҳаллий тадбиркорлар бозорга етказиб бераётган товар қиммат, бунинг асосий сабаби нимада?

«Хориж давлатларида ҳар бир фабрикага ажратилган ерлар бор. Унда ишлаб чиқарувчилар товуқ емлари: буғдой, жўхори, сояларни ўзи экади. Бу тадбирлар жўжа тайёр гўшт ҳолатига келгунича унга сарфланадиган суммани анча тежайди. Муаммо шундаки, бизда ҳеч қайси товуқ фабрикаларига алоҳида ер берилмайди, биз буғдойни четдан сотиб оламиз. Агар импортдан 60 тонна гўшт келадиган бўлса, биз ўзимиз 60 тонна гўшт қилишимиз учун 300 тонна ем олиб келишимиз ҳам керак, яна йўл харажатлари ҳам бор. Шунинг ҳисобига нарх ҳам қимматлайди», — дея фикр билдирган «Chicken Planet» МЧЖ раҳбари Саидамир Жалолов.

Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, ҚҚС ҳамма жойда бир хил бўлиши керак. Занжир ҳеч қаерда узилмаслиги муҳим. Бозор иқтисодиётига аралашмаслик керак, ўз ҳолига қўйилса бас.

«Талаб ва таклиф бозордаги вазиятни ўзи тўғрилайди. Бозордаги нархнинг ўсиши — бу вақтинчалик ҳолат ва тадбиркорнинг қўлида эмас. Солиқлардан имтиёзлар яратиб, ўзимизга ёмон қиламиз. Бу давлат бюджетига ҳам зарар», — дея қўшимча қилган «Афросиёб парранда» МЧЖ раҳбари Шоҳрух Фузайлов.

2021 йил октабрь ойида товуқ маҳсулотлари қимматлаган эди (тахминан 25 минг сўм атрофида бўлган). Шундан сўнг ёғдан ташқари қатор маҳсулотларга солиқлардан имтиёзлар берилди. Ҳозирда товуқ маҳсулотларининг нархи 18 минг сўмгача тушган.

«Товуқ маҳсулотларининг нархи тушгани аҳоли учун яхши бўлиши мумкин, лекин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бу мисли кўрилмаган зарарларга олиб келди. Шундан сўнг кўпчилик тадбиркорларнинг бизнеси синди. Табиийки, товуқ етиштириш камайди. Ҳозир бозорда нарх вақтинча арзон бўлиши мумкин, лекин узоғи 5–6 ойда нархлар яна кўтарилади. Энди унинг нархи 25 минг эмас, 28 минг бўлиши мумкин», —  деди Саидамир Жалолов.

Бозор иқтисодиётида ҳақиқий рақобат бўлса, талаб ва таклифдан келиб чиқиб, нархларни бозорнинг ўзи белгилайди. Агарда таклиф талабдан кўп бўлса, унда бозорда нархлар пасайиши бошланади.

«Товуқ маҳсулотларининг нархи 25 минг бўлган пайтда уларни етиштирувчилар кўпаяётган эди. Табиийки, маҳсулот бозорга кўп таклиф этилса, нарх тушади. Октябрдан кейин нархларда тушиш тенденцияси кузатилди. Лекин давлат ҚҚСдан озод қилгандан кейин импорт кўпайиб, нархлар қулади. Ички ишлаб чиқарувчилар зарарга кириб, бозордан қочди», — дея қўшимча қилади Жалолов.

Импорт учун берилган имтиёзлар тугагандан кейин нарх қанча бўлиши мумкин?

«Ҳозир маҳаллий товуқ ишлаб чиқарувчилар камайган. Импорт имтиёзлари бекор қилинса, нарх табиий равишда ошади. Чунки бошида зарар кўрган кўпчилик маҳаллий тадбиркорлар маҳсулот етиштиришни тўхтатган. Нархлар барқарорлаши учун эса яна 6 ойгача вақт керак бўлади», — деди «White Chicken» МЧЖ бош иқтисодчиси Шуҳрат Ҳошимов.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрелга қадар тухум маҳсулоти экспорти вақтинчалик тўхтатилди.

Ўзбекистонда тухум нархининг сезиларли даражада ошиш ҳолати 2017 йилда кузатилган бўлиб, кўрсаткич 21,1 фоизни ташкил этган. Бунгача бўлган йилларда эса нарх суст равишда кўтарилган ва ҳатто камайган ҳам. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўсиш сурати 2018 ва 2019 йилларда мос равишда 9,4 ва 17,1 фоизни қайд этган. 2020 йилга келиб эса тухум нархи сезиларли даражада ошган бўлиб, кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144,1 фоизга етган. 10 дона тухум нархи 2020 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра ўртача 9–11 минг сўмни ташкил этган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг хабар беришича, 2021 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20–22 фоизгача қимматлашган. Йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлаган. Бу даврда Ўзбекистон бозорларида тухум (10 дона) ўртача 7–15 минг сўм қийматда сотилган. Аммо йил бошидан буён тухум нархи бор-йўғи 1,3 фоизга қимматлагани расман эътироф этилади.

Тадбиркорлар ушбу чекловни фақат қўшимча бозордан ажралиш сифатида изоҳлаб, ички бозорга таъсири минимал бўлишини таъкидламоқда.