«Bugun Cinema» рукнининг навбатдаги «меҳмони» — режиссёр Кшиштоф Кесьлёвский. Ушбу ижодкорнинг ҳаёти, фильмлари ва уларнинг таҳлили ҳақида «Bugun.uz» колумнисти Хуршид Абдурашид қуйида сўз юритади.

Кшиштоф Кесьлёвский Польша пойтахти — Варшавада туғилган. Унинг болалиги Польшанинг бир нечта кичик шаҳарларида ўтган. Сил касалига чалинган муҳандис отасига эргашиб, кўплаб шаҳарларда бўлди. Отаси даволаниш учун нажот излаб шаҳарма-шаҳар кўчиб юрарди. Кичкина ўғли эса унга бу сафарларда доимий ҳамроҳ эди. Кесьлёвский ўн олти ёшида ўт ўчирувчиларни тайёрловчи мактабга қатнайди, аммо уч ойдан кейин ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Фото: «Кинопоиск»

1957 йилда у ҳеч қандай мақсадсиз Варшавадаги театр коллежига ўқишга кирди. Коллеждаги таҳсил давомида у театр режиссёри бўлишга аҳд қилади, лекин ўша пайтда театр режиссёрлари учун махсус ўқув дастурлари йўқ эди. Шунда Кесьлёвскийга театр режиссёри бўлгандан кўра кинода ишлаш яхшироқ имконият бўлиб кўринади. У яхши вариант сифатида кино санъатини ўрганишга қарор қилади. Кесьлёвский ўзининг дастлабки ҳужжатли фильмларида шаҳарликлар, ишчилар ва аскарларнинг кундалик ҳаётига асосий эътиборни қаратган. Унинг фильмлари очиқдан-очиқ сиёсий бўлмаган бўлса-да, Польшадаги ҳақиқий ҳаётни тасвирлашга уриниши расмий доира вакиллари билан зиддиятга учрашига сабаб бўлди. Унинг ишчилар оммавий иш ташлашлар сабабларини муҳокама қилаётганини кўрсатадиган «Ишчилар 71» телевизион фильми цензураларга бўйсундирилган шаклда намойиш этилди. Бу асар деярли бошдан-оёқ қайчиланган эди.

«Ишчилар 71» фильмидан кейин у «Автобиография» номли ҳужжатли фильмга қўл урди. Кесьлёвский бу асарида ўз нигоҳини буткул ҳокимиятга қаратди. Фильмда у Польша сиёсий бюро йиғилишларининг ҳужжатли хроникасини тўлиқ ҳокимият назорати остида бўлган одам ҳақидаги ҳикоя билан бирлаштирди. Кесьлёвский ўз фильмини авторитар тузумга қарши эди, деб ҳисоблаган бўлса-да, ҳамкасблари уни расмийлар билан ҳамкорлик қилишда айблашди.

Кейинчалик Кесьлёвский икки ҳолат туфайли ҳужжатли фильм суратга олишни тўхтатганини айтди: авторитар тузум шароитида ҳақиқатни айтиш қобилиятига шубҳа уйғотган «Ишчилар 71» фильмининг цензураси ва фильмни суратга олиш пайтида юз берган босимлар. 1981 йилда ишлаган «Станция» ҳужжатли фильмининг бир қисми жиноий ишда далил сифатида ишлатилганда у ўз қарорида янада мустаҳкам туриб олди. Эндиликда режиссёр бадиий адабиёт ҳужжатли адабиётга қараганда нафақат кўпроқ бадиий эркинлик бериши, балки, ҳаёт ҳақиқатини ҳужжатли жанрдан кўра мукаммалроқ ва тўлароқ кўрсатиб бера олади, деган қарорга келди.

Сиёсатда кино билан!

Унинг ҳужжатли бўлмаган биринчи фильми «Ходимлар» картинаси телевидение учун яратилган ва Манхейм кинофестивалида бош мукофотни қўлга киритган. «Ходимлар» ҳам, унинг навбатдаги «Чандиқ» фильми ҳам социалистик реализм унсурларини ифода этиб, катта актёрлар иштирокида суратга олинган. «Чандиқ» фильми саҳна ишчилари ҳақидаги фильм бўлиб, картинада режиссёр театр коллежида ўқиб юрган кезларидаги тажрибаларига асосланади.

Фото: «Kinovoid.com»

«Чандиқ» фильми кичик шаҳарчанинг нотўғри режалаштирилган саноат лойиҳасига берилган зарбани тасвирлайди. Бу фильмлар ҳужжатли фильмлар услубида кўп сонли нопрофессионал актёрлар иштирокида суратга олинган; унинг дастлабки фильмлари каби чириган тизим юки остидаги кундалик ҳаётни тасвирлаган. Аммо эндиликда режиссёр ўз ғоясини очиқ шарҳларсиз, бадиий йўл билан ифода этишга ҳаракат қила бошлаган эди.

Бу даврда Кесьлёвский Польшадаги маданий ҳаётнинг ёрқин вакилларидан иборат «эркин гуруҳ»га қўшилди, унинг таркибида Януш Киевский, Анжей Вайда ва Агнешка Голланд каби польшалик режиссёрлар бор эди. Унинг бу режиссёрлар билан алоқалари Польша ҳукуматининг режиссёрга нисбатан норозилигини келтириб чиқарди ва унинг аввалги барча фильмлари буткул тақиқланмаган бўлса-да, қайта цензурадан ўтказилди ва таҳрир қилинди. «Имконият» фильми 1987 йилгача мамлакатда тақиқланган эди. Ундан деярли 6 йил ўтиб, фильмни яна намойиш этишга рухсат берилди.

1984 йилда ишланган «Ниҳоясиз» фильми режиссёрнинг энг сиёсийлашган фильмидир. Фильмда Кесьлёвский Польшадаги ҳарбий ҳолат остидаги сиёсий суд жараёнларини адвокат шарпаси ва унинг бевасининг ғайриоддий нуқтаи назаридан акс эттиради. Бу фильм ҳам ҳукумат, ҳам диссидентлар томонидан кескин танқид қилинди. Ушбу фильмдан бошлаб Кесьлёвскийнинг барча ижодий ишлари унинг доимий ҳамкорлари, киносценарист Кшиштоф Песевич ва бастакор Збигнев Прайснер билан боғланади. Песевич аслида адвокат эди; Кесьлёвский у билан ўз фильмининг ҳужжатли асослари учун сиёсий суд ишларини ўрганаётганида учрашиб қолган.

Шундан сўнг Песевич Кесьлёвский яратган кейинги барча фильмларининг ҳаммуаллифига айланди. Прайснер “Ниҳоясиз” фильми ва кейинги деярли барча фильмлари учун мусиқа ёзган. Кесьлёвский фильмларида кўпинча мусиқа муҳим роль ўйнайди ва унинг фильмларидаги Прайснернинг мусиқий маҳорати ҳақида жуда илиқ фикрлар билдириб келинади. Бундай саҳналарда ишлатиладиган мусиқалар одатда қаҳрамонлар томонидан голландиялик хаёлий бастакор ван ден Буденмайернинг асари сифатида муҳокама қилинади.

«Декалог»: Ўн ҳукм

Кесьлёвскийнинг яна бир муҳим фильмларидан бири «Декалог» 1988 йилда ишланган. Бу картина Варшаванинг чекка жойлари ҳақида Польша телевидениеси учун Ғарбий Германиянинг молиявий кўмагида ишланган ўнта қисқа метражли фильмдир. Ҳар бир қисқа метражли фильми диний мотив — Библиядаги Ўн ҳукмга асосланган.

Фото: «Getty Images»

Бу Кесьлёвскийнинг энг танқидий руҳдаги фильми ҳисобланади. Кесьлёвский ва Песевич томонидан биргаликда ёзилган ўнта қисқа метражли фильм учун сценарийлар дастлаб ўнта бошқа-бошқа режиссёрлар учун мўлжалланган эди, аммо Кесьлёвский лойиҳа устидан назоратни сақлаб қолди; якунда эпизодлар турли операторлар томонидан суратга олинишига қарор қилинди. Бешинчи ва олтинчи эпизодлар узунроқ версияларда суратга олинган, кейинчалик улар мос равишда «Қотиллик ҳақида қисқа метражли фильм» ва «Севги ҳақида қисқа метражли фильм» деб номланган.

Кесьлёвский дастлаб «Рашк ҳақида қисқа метражли фильм» деб номланган яхлит картинанинг 9-қисмининг тўлиқ версиясини чиқаришни режалаштирган эди, лекин бунинг учун жуда кўп маблағ сарфлаш кераклиги, режиссёрни ушбу ташаббусдан воз кечишга мажбур қилди. Бу унинг бир йил ичида ишлаган ўн учинчи фильмига айланиши мумкин эди. «Декалог»ни ташкил қилган қисқа метражли фильмларнинг сюжетлари алоҳида ҳикоялардан иборат.

Лекин уларни фильмнинг умумий концепцияси, воқелик юз бераётган макон ва замон, бошқа серияларда ҳам такрорланадиган баъзи образлар бирлаштиради. Фильмда замонавий Польша рамзлар тили орқали кўрсатиб берилади. Актёр Артур Барcис томонидан ижро этилган образ ғалати фигура сифатида, фильмнинг ҳар бир қисмида такрор ва такрор намоён бўлади. Бу эпизодни кино танқидчилари «эзгулик фариштасининг кўриниши» деб талқин қилишади.

Кесьлёвскийнинг ўзи асар ҳақида шундай дейди: «Декалог — бу ҳар қандай одам билан содир бўлиши мумкин бўлган ўнта воқеани айтиб беришга уриниш, холос. Бу ҳаётнинг шовқин-суронига берилиб кетган одамлар ҳақидаги ҳикоялардир, аммо кутилмаган вазиятлар ва тасодиф натижасида улар бир вақтда, бир жойда англаб етишадики, улар ҳаётдаги муҳим мақсадларни унутишмоқда. Биз жуда худбин бўлиб қолдик, ўзимизга ва эҳтиёжларимизга ҳаддан ташқари эътибор қаратадиган бўлдик. Биз гўё яқинларимиз учун жуда кўп иш қилаётганга ўхшаймиз, лекин оқшом тушиши билан, уйга қайтганимизда уларни эркалашга, бир оғиз илиқ сўз айтишга кучимиз ҳам, вақтимиз ҳам йўқ экан. Бунинг учун бизда ҳаётий қувват етарли эмас. Биз энди ҳақиқий ҳис-туйғуларимизни ифода эта олмаймиз. Ҳаёт эса шундай тез ўтиб кетади», — дейди режиссёр ўз фильми ҳақида.

«Декалог»ни ташкил этган қисқа метражли фильмлар турли жанрларда суратга олинган бўлиб, бу жанрлар ичида оғир психологик драмадан тортиб комедияни ҳам кўриш мумкин. Лекин режиссёр барча воқеаларни яхлит бир чизиққа йиға олган. Қолаверса, фильм жанри турлича бўлса ҳам бир хил услубда ишланган.

Фильмни суратга олиш тахминан икки йил давом этган. Туркум фильмдаги деярли барча фильмлар турли операторлар томонидан суратга олинишига сабаб, Кесьлёвский бу йўл билан ҳар бир воқеани ҳикоя қилишда ўзига хос тасвир услубига эга бўлишни таъминлашни хоҳлаган. Шу билан бирга, режиссёр барча операторларга тўлиқ эркинлик берган. Кейинчалик Кесьлёвский «Декалог»нинг барча қисмлари бир қўл билан суратга олинганга ўхшашини таъкидлайди. Унинг фикрича, картиналарнинг ўхшашлиги «…асарда маълум бир руҳ мавжудлигининг исботидир. Ва агар оператор ақлли ва истеъдодли бўлса, у қандай воситалардан фойдаланмасин, муқаррар равишда бу фильмдаги умумий руҳиятни ушлай олади».

Фильм халқаро кинофестивалларда қатор мукофотларга сазовор бўлган, танқидчилар ва кино ижодкорлари томонидан юқори баҳоланган. Хусусан, ушбу фильм сценарийлари китоб ҳолида нашр этилганда, китобга кириш сўзини ёзган Стенли Кубрик «Декалог»ни жуда илиқ сўзлар билан эътироф этади. Америкалик машҳур кинотанқидчи Рожер Эберт ўзининг севимли фильмлари қаторига «Декалог» фильмини ҳам киритди.

Муваффақиятли фильмлар

Кесьлёвскийнинг сўнгги тўртта фильми продюсер Марина Кармиc ёрдамида хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган. Бу фильмларда Кесьлёвский ахлоқий муаммолар ва метафизикага эътибор қаратди, «Декалог» ва «Имконият» фильмларида бошланган мавзуларни давом эттирди, лекин мавҳумроқ шаклда, кичикроқ актёрлар билан, кўп одамлардан иборат гуруҳлар билан ишламади. У индивидуал белгилар, руҳий изланишлар билан шуғулланди. Бу фильмларда Польша хорижликлар нигоҳи орқали тасвирланган. Ушбу сўнгги тўртта фильм тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли фильмларга айланди.

Фото: «Afisha»

Ушбу кинокартиналарнинг биринчиси, 1990 йилда ишланган «Верониканинг қўш ҳаёти» фильмида машҳур актриса Ирен Жакоб суратга тушган. Ушбу фильмнинг муваффақияти Кесьлёвскийга ўзининг энг йирик лойиҳаси — «Уч ранг» (Кўк, Оқ, Қизил) трилогиясини амалга оширишга имкон берди. Бу асар «Декалог»дан кейин энг кўп олқишларга сазовор бўлди ва унинг халқаро миқёсдаги тижорий жиҳатдан дастлабки муваффақиятли фильмига айланди. Ушбу трилогия Венеция кинофестивалидаги энг яхши фильм учун «Олтин шер» мукофотини қўлга киритди. Ушбу мукофотга трилогиянинг «Кўк» номли қисми лойиқ кўрилди. «Уч ранг: Оқ» фильми эса Берлин кинофестивалининг энг яхши режиссёри учун «Кумуш айиқ» мукофотига муносиб деб топилди.

«Уч ранг» трилогияси: «Кўк», «Оқ», «Қизил»

Трилогиянинг биринчи фильми «Кўк» ёш ва жуда навқирон аёлнинг автоҳалокатга учраб, эри ва қизининг вафот этиши билан бошланади. Унинг турмуш ўртоғи таниқли бастакор эди. Энди аёлнинг олдида икки йўл бор: ҳаётнинг мўъжизаси туфайли омон қолган аёл янги ҳаётни бошлаши керак, у ҳаётига янги маъно олиб кириши керак ёки фақат хотиралар билан яшашига тўғри келади. Гўёки унинг ҳаёти шу лаҳзада тугади. Жисми омон қолди, аммо руҳи эмас. Аёл янги ҳаётга қодир эканини исботлайди, марҳум эрининг ҳамкасби билан биргаликда марҳумнинг тугалланмаган ишини якунлаб, сукунатга тўлиб қолган ҳаётни янги, номаълум товушлар билан тўлдиради. Лекин ҳаёт зиддиятлари аёлни ҳар сонияда таъқиб этади.

«Оқ» фильмида «Сиз мен ҳақимда орзу қилаётгандирсиз», дейди қаҳрамон. Лекин аслида «Оқ» фильмида орзу йўқ, диалогларда маъно касб этмайдиган гапларни ҳам учратмаймиз. Аксинча, сюжет ниҳоятда ҳайратланарли ва мураккаб. Киношунослар трилогиянинг айнан «Оқ» номли қисмини ўзига хос ҳаяжон билан мақташади.

Фильм Парижда бошланади: польшалик сартарош француз хотини билан ажрашади, у суд олдида турмуш ўртоғини никоҳ бурчини бажара олмаганликда айблайди. Бутун картина қаҳрамоннинг қасос олиш ҳақидаги ҳикоясидир, бир вақтнинг ўзида у нафратланади ва севади. Фильм қаҳрамоннинг сартарош қиёфасида, қамоқхона ҳовлисига, нафратланган севгилиси олдига бориши билан якунланади. Бутун комедик ва ҳатто ўткир характерга қарамай, бу асар тўлиқ мажозий маъно ташийди. Режиссёрнинг Польша ҳақидаги азалий орзулари эришиб бўлмайдигандай туюлса ҳам режиссёр асарини кўп қаватли киноя билан жиҳозлаган.

Қизиғи шундаки, трилогияда биринчи фильмдан иккинчи фильмга, иккинчи фильмдан учинчи фильмга ўтаётганда воқеалар Ғарбдан Шарққа кўчиб ўтади, шу билан бирга трилогиянинг жанри ва унинг ҳикоя қилиш усули ҳам ўзгаради: агар “Кўк” ва «Қизил» ярим опера, ярим саг бўлса, «Оқ» соф комедиядир. «Уч ранг» трилогиясининг асосий мотивларидан бири тақдирнинг чексиз ўзгарувчанлиги, инсон хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган жараёнлар бўлса, фильмни ҳаёт фақат курашлардан, топиш ва йўқотишлардан, қувонч ва ғамлардан, муҳаббат ва нафратдан ташкил топгани ҳақида режиссёрнинг кино тилидаги мулоҳазалари дейиш мумкин.

Режиссёр кино бу томошабин, фестиваллар, шарҳлар, интервьюлар дегани эмас, деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, кино бу соат олтида уйғониш, кўчада эса совуқ ва ёмғир. Қийинчилик кўпинча ҳамма нарсани кейинги планга ташлайди: оила, ҳис-туйғулар, шахсий ҳаёт. Албатта, унинг иши, машинист, савдогар ҳақида ҳам шундай бўлади. Кино бутун дунёда тахминан бир хил яратилган. Менга павильоннинг бир бурчагидан кичик жойни беришади. Ушбу сунъий интерьерда менинг «‘Жим бўл! Мотор! Бошладик!’, деган даҳшатли буйруқларим жаранглайди», дейди режиссёр.

Ўша пайтларда француз нашрларидан бири кинорежиссёрлар ўртасида сўровнома ўтказишади. Бу «Сиз нима учун фильм суратга оласиз?» деган савол эди. Кесьлёвскийга ҳам шу саволни беришади. Шунда режиссёр «Чунки мен бошқа ҳеч нарса қила олмайман», дея жавоб беради. Бу айтиш мумкин бўлган энг қисқа жавоб эди.

Интиҳо

Кшиштоф Кесьлёвский 1996 йил 13 мартда юрак хуружидан вафот этди. У Варшавадаги қабристонга дафн этилади. Бу пайтда режиссёр 54 баҳорни қарши олган эди. Кесьлёвский ҳамон Европадаги энг нуфузли режиссёрлардан бири бўлиб, унинг ишлари бутун дунё университетларидаги кино дарсларида ўрганилади. 1993 йилда чоп этилган «Кесьлёвский ҳақида Кесьлёвский» китоби унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ажойиб қўлланмадир. Китоб режиссёрнинг Дануция Стокка берган интервьюлари асосида тайёрланган. Бунда режиссёр ўзи ҳақида ўзи гапириб беради, ўз фильмларини ўзи таҳлил қилади. 1995 йилда Кшиштоф Вежбицкий томонидан суратга олинган «Мен шундайман» биографик фильми ҳам Кшиштоф Кесьлёвскийга бағишланган.

Кесьлёвский кинони тарк этишини даъво қилган бўлса-да, ўлимидан бироз олдин, у Песевич билан ҳамкорликда Дантенинг «Илоҳий комедия»си асосида уч қисмдан: Жаннат, Дўзах ва Аросатдан иборат бўлган янги трилогия устида иш бошлайди. Ягона тугалланган сценарий «Жаннат» режиссёр Том Тайквер томонидан суратга олиниб, 2002 йилда Торонто кинофестивалида премьераси бўлиб ўтади. Кесьлёвский вафот этгач, чала қолган иккита сценарий Песевич томонидан тўлдирилган. «Дўзах» фильми босниялик кинорежиссёр Данис Танович томонидан 2005 йилда катта экранларга чиқарилган.