Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни эркаклар учун лайфхак билан бошламоқчимиз (aхир, бугун уларнинг (ва нафақат) куни!). Олимлар тиббий ниқоб тақиш (айниқса, кўк ранглиси) аёллар кўз ўнгида эркакларнинг жозибадорлигини оширишини аниқлади.

Ҳурматли эркаклар, ниқоб тақиш орқали иккита фойда оласиз: биринчидан, ўзингиз ва атрофингиздагилар соғлиғини асрайсиз, иккинчидан, аёллар кўзига жозибалироқ кўринасиз. Ҳурматли аёллар, сиз ниқоб билан ҳам, ниқобсиз ҳам жозибалисиз, шундай экан, уни тақиб, соғлиғингизни асранг.

Қисқаси, хабарларнинг қисқаси:

  • Ўзбекистонда январь, февраль, март ойларида тўлиқ эмланган фуқаролар ўртасида лотерея ўйналади. Бош соврин — заводдан минглаб навбат кутиб сотиб олинадиган автомобиль (лекин ютсангиз, ундай бўлмайди);
  • Самарқанд давлат университетига Шароф Рашидов номи берилди. Энди ОТМ халқаро рейтингда «кучли мингталик»ка кириши керак;
  • Тошкент шаҳрида аэропортга олиб борувчи кўприкнинг бир томони 15 кунга ёпилди. Яккасарой туманининг КХАЙ ва Бобур кўчалари кесишмасида жойлашган автомобиль йўл ўтказгичи аэропорт йўналишидаги томонининг битта йўлагини таъмирлаш бошланган;
  • «Биз фақат ўз кучимизга ишонамиз». Президент ҳарбийларга мукофотларни топширди. Эълон қилинган суратлардан кўриш мумкинки, йиғилишда аёллар ҳам иштирок этган, тақдирланган. Шундай экан, бугун — барча ватан ҳимоячиларининг байрами. Табриклаймиз!
  • «Bugun.uz» колумнисти Комрон Комилов байрам муносабати билан Ўзбекистон Қуролли кучлари тарихи ва тизими, Ўзбекистонда ҳарбий мажбурият ва унинг турлари, мудофаа соҳасида сўнгги йилларда қилинган ўзгаришлар каби масалалар юзасидан катта мақола тайёрлади.
Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистон «омикрон» штами туфайли Қозоғистон билан чегарани ёпиқ қўйди. Ўзбекистонга келувчиларга «омикрон» штами тарқалишининг олдини олиш учун қатор чекловлар жорий этилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Унга кўра, 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР-тест натижасини тақдим этиши, шунингдек, коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топшириши шарт. Аммо Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари бундан мустасно.

Таъкидланишича, 15 январдан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқароларининг кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилади. Бунга амал қилиши мажбурий бўлмаган фуқаролар ҳам бор — тўлиқ рўйхат.

Бундан ташқари, Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга мажбурий тест топшириш жорий этилди. Тест нархи 5 долларни ташкил этади. Талабалик гувоҳномаси борларга 50 фоиз чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлари тест синовларини бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларни ковид учун текшириш шарт эмас.

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Янги таклиф этилаётган лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан (810 минг сўм) беш бараваригача (1 миллион 350 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

Бундай ҳуқуқбузарликлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, судга юборади.

Тошкентдаги «16 февраль воқеалари»да иштирок этган шахс чет элда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди.

Тошкентда 1999 йил 16 февраль куни амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этгани учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган 55 ёшли У.С. хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди.

Фото: ЎзА

Тошкент вилоятида туғилган 55 ёшли эркак 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этган ва март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетган.

У иорданиялик Амир Хаттоб томонидан Чеченистонда ташкил этилган жангариларни тайёрлаш лагерларига «Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилотининг Ўзбекистондан бўлган аъзоларини жўнатиш билан ҳам шуғулланган.

Иқтисодиётга оид янгиликлар:

  • Ўзбекистон 2021 йилда ЯИМ ўсиши 7 фоизда бўлишини кутмоқда;
  • Кўпроқ даромад олган кўпроқ солиқ тўлайди. Депутатлар мулк солиғи юки ошишига муносабат билдирди;
  • «Бозор иқтисодиётига аралашмаслик керак» — солиқ имтиёзи ортидан туғилган муаммо ҳақида.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон»нинг авиация бўйича Ўзбекистонни огоҳлантириши икки давлат муносабатларига таъсир қилмайди.

«Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақиргани хабар қилинганди. Ҳаракат матбуот котиби Суҳаил Шоҳин авиация техникаси атрофидаги қарама-қаршиликлар ва Ўзбекистон билан муносабатлар ҳақида маълумот берди.

Фото: «Reuters»

«Толибон» расмийси авиация техникаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлаган. У афғон халқи Ўзбекистон билан азалдан яхши муносабатда экани ва бу давлат узоқ вақтдан буён «Толибон»нинг сиёсий раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатганини қайд этган.

«Ўзбекистон Афғонистон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатган, биз бундан миннатдормиз. Мазкур давлат Афғонистондаги мегалойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқчи. Биз иккаламиз ҳам мусулмон давлатмиз, бир-биримиз билан тинчлик ва биродарликда яшашни хоҳлаймиз. Бу ва бошқа ҳар қандай масалани дипломатик йўл билан ҳал қилишимизга ишонаман», — дейди у.

«Толибон»да «иккига бўлиниш» юз бермоқда: ўзбек ва пуштун толиблари ўртасида зиддият юзага келди.

Афғонистоннинг шимолий Фарёб вилоятида 13 январь куни юзлаб одамлар кўчага чиқиб, Мудофаа вазирлиги томонидан ҳибсга олинган «Толибон»нинг таниқли ўзбек қўмондони Махдум Аламни озод қилишни сўради.

Махдум Алам Мудофаа вазирлиги томонидан Балх вилоятида ҳибсга олинган. Фарёб шаҳрида тўпланган намойишчилар ўзбек қўмондони этник асосда ҳибсга олинганини айтган. Улар агар қўмондон Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан озод этилмаса, келажакда оммавий намойишлар бўлишидан огоҳлантирган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.