Кўпроқ даромад олган кўпроқ солиқ тўлайди. Депутатлар мулк солиғи юки ошишига муносабат билдирди
Эксперт бу иш 20–30 йил олдин қилиниши кераклигини таъкидлаган
Ўзбекистонда мулк солиғи туфайли юридик шахсларда солиқ мажбуриятлари ошиши кутилмоқда. Ушбу масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам муносабат билдирди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Маълум қилинишича, кейинги йилларда «бой» тушунчасини қўллаш режалаштирилган. Бунга кўра, кўпроқ даромад олган кўпроқ солиқ тўлай бошлаши кўзда тутилган.
«Ҳозир ‘камбағал’ тушунчаси бор, кейинги йилларда ‘бой’ тушунчаси ҳам кириб келади. Кўпроқ даромад олган кўпроқ солиқ тўлай бошлайди. Буни қабул қилиш керак», — дейди «Адолат» СДП фракция аъзоси Мақсуд Қурбонбоев.
Шунингдек, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси ўринбосари Дурбек Аҳмедов бу иш 20–30 йил олдин қилиниши кераклигини таъкидлаган.
«Биз тадбиркорлар томонидан турли мурожаатларни қабул қилишни бошладик. Агар ушбу масала кутилган натижани бермаса, ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархининг ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Агар шу ҳолат кузатилса, буни тузатишга тўғри келади. Бу иш бошда қандайдир катта муаммодек туюлиши мумкин, кейинчалик секин-секин ўз жойига тушиб кетади. Масалан, бошқа мамлакатлар билан солиштирамиз. Уларнинг иморатлари билан бизникини солиштирадиган бўлсак, бир хил нарх, лекин бизда солиқда бошқа қиймат кўрсатиляпти. Шу нуқтаи назардан буларни биз секин-секин жойига келтиришимиз керак. Менинг назаримда, бу иш олдин қилиниши керак эди. 20–30 йил олдин қилинганида ҳозир бу ҳақда гапирмас эдик», — деб таъкидлайди у.
Гап шундаки, мол-мулк солиғини ҳисоблашда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси (линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари бундан мустасно) бу объектларга 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича қуйидаги миқдордаги тартиб киритилмоқда:
- Тошкент шаҳрида — 2 миллион 500 минг сўм;
- Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — 1 миллион 500 минг сўм;
- бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда — 1 миллион сўм.
Мазкур ўзгариш гарчи солиқ ставкаси пасайган бўлса ҳам, кадастр қиймати бозор нархидан паст кўрсатилган кўчмас мулк эгаларининг солиқ тўлови кўпайишини англатади. Яъни нотариус олди-сотди шартномаларида мурожаат этилган мулк қиймати паст баҳода қолиб кетаётгани туфайли ҳукумат мулк солиғини ундиришда бошқа тартибни киритиб, бозор нархига асосланган ҳолда солиқ тўлашни таклиф этди. Шу туфайли гарчи мулк солиғи ставкаси 0,5 фоизга пасайтирилган бўлса-да, тўлов ошади.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаевнинг айтишича, ҳар қандай мол-мулкни босқичма-босқич бозор қийматига яқинлаштириб бориш керак.
«Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳудудлар ривожланишидан келиб чиқиб, таклиф этилган минимал қийматни ярмигача камайтириши мумкин. Солиқ юки кўпайиб, тадбиркор ишлаб чиқариши ё даромадига салбий таъсир бўлса, шуни қўллаши мумкин», – дейди раис ўринбосари.
Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, мулк солиғи мажбуриятлари бўйича 41 минг юридик шахснинг солиқ тўлови кўпайиши кутилмоқда.
Солиқ тушумлари кўпайиши бўйича тахмин биргина Тошкент шаҳрининг 2022 йилги ва 2021 йилги бюджетини ўзаро таққослаганда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, 2021 йилда Тошкент шаҳри бюджетига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан 313 миллиард сўм тушум бўлган, янги тартиб амал қилгандан кейин 2022 йил бу сумма 728 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда. Бу дегани, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тушуми 2 баравардан кўпроққа ошиши режалаштирилган.