Ўзбекистондан Корея Республикасига Е-9 визаси билан жўнаб кетишга тайёрланаётган фуқароларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг мурожаати эълон қилинди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Focus»

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Кореяга фуқароларни вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда кириб бориши қайта йўлга қўйилган. Ташқи меҳнат миграсияси агентлиги томонидан 2022 йил 6 январь куни 65 нафар биринчи маротаба шартномаси келган ҳамда 35 нафар қайта шартнома билан келган фуқаролар вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатилган.

Таъкидланишича, фуқаролар Корея томонидан тан олинган вакцина билан эмлангани ҳамда кетишдан 72 соат олдин олинган ПЗР тести натижасига кўра, ковид инфекцияси аниқланмаганига қарамасдан, Корея ҳудудида кириб борган ўзбекистонликларда коронавирус инфекцияси қайд этилган.

Шунингдек, 2021 йил 23–30 декабрь кунлари жўнаб кетган фуқароларнинг 1 нафарида, 2022 йилнинг 6 январида жўнаб кетган 98 нафар фуқаронинг 6 нафарида коронавирус аниқлангани сабабли Корея ҳукумати томонидан Ўзбекистон учун ушбу давлатга кириб борувчи фуқаролар сони қисқариши, ҳаттоки вақтинчалик тўхтатилиши каби чекловлар қўйилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ёнғин оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар жасади Ўзбекистонга қайтарилмаётгани ва ўзбекистонлик мигрантларга ёрдам пули берилиши рад этилгани айтилганди. Шунингдек, Кореяга ишга бормоқчи бўлаётган фуқаролардан нималар талаб қилиниши бўйича маълумот берилган.