Янгиликлар - 21:47 · 14.01.2022

Наманганда жиноят ишлари сони 77,6 фоизга ошгани айтилди

Наманганда 2021 йилнинг ушбу даврига нисбатан таққослаганда судланган шахслар сони 92,7 фоизга, жиноят ишлари сони эса 77,6 фоизга ошганлиги ҳақида «Bugun.uz»нинг Намангандаги мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021 йил давомида 5303 нафар шахсга нисбатан 4052 та жиноят иши кўрилиб, 3980 нафар шахсга нисбатан 2813 та жиноят иши ҳукм чиқариш билан, 18 нафар шахсга нисбатан 16 та жиноят иши тиббий тартибдаги мажбурлов чораси қўллаш билан якунланган.

Келтирилишича,

  • фирибгарлик — 392 тага;
  • ўғрилик — 341 тага;
  • транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш — 339 тага;
  • қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар — 180 тага;
  • безорилик — 150 тага;
  • ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш — 103 тага;
  • конституциявий тузумга тажовуз қилиш — 11 тага;
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш — 23 тага;
  • пора олиш — 9 тага;
  • ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — 99 тага;
  • пора бериш — 84 тага,
  • қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар — 63 тага;
  • қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш 63 тага ошган.

Шунингдек, 2021 йил давомида жами судланган шахсларнинг 990 нафари ўзларига тегишли хулоса чиқармаган ҳолда такроран жиноятга қўл урган. Судларнинг инсонпарварлик тамойилини қўллаши натижасида 2021 йил давомида 11 нафар шахс оқланиб, 380 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар учун жазо кучайтирилаётгани айтилганди, шунингдек, очилмаган жиноятлар тадқиқ этилиши ҳамда бу бўйича статистик маълумот йиғилиши ҳақида хабар қилинганди.